“Мусулмонларни танқид қилиш сенга нима беради?” – Лукашенко Макронга диндорлар ҳис-туйғуларига аралашмасликни маслаҳат берди

Беларусь президентининг таъкидлашича, “диндорлар ҳис-туйғуларига аралашиш мутлақо мумкин эмас”.

Фото: РИА Новости

Беларусь президенти Александр Лукашенко диндорлар ҳис-туйғуларига аралашмаслик кераклигини таъкидлади ва Франция раҳбари Эмманюэл Макронга мусулмонлар билан муносабатларда воситачиликни таклиф қилди.

“Мусулмонлар бизга ҳеч қачон муаммо пайдо қилишмаган. Мусулмонлар барча сайловларда ҳукумат ва мени 100 фоиз қўллаб-қувватлашади деб кўп айтаман. Биз ҳеч қачон Франция президентининг яқинда сўз эркинлиги ва диний ҳиссиётлар тўғрисида айтган гапларига йўл қўймаймиз: мамлакатда мусулмонларни танқид қилиш сенга нима беради? Балки унга ўзи ва мусулмонлар ўртасида воситачи керакдир? Бунда унга ёрдам беришим мумкин, чунки мусулмонлар билан муносабатларим жуда яхши”, – деди Лукашенко.

Унинг таъкидлашича, “диндорлар ҳис-туйғуларига аралашиш мутлақо мумкин эмас”.

16 октябрда Париж яқинидаги Кофлан-Сент-Орион шаҳри коллежларидан бири ўқитувчиси, ўз ўқувчиларига Муҳаммад алайҳиссалом карикатураларини намойиш қилган Самуэл Пати ўлдирилганди. Уни ўлдиришда чечен миллатига мансуб 19 ёшли Абдулак Анзоров гумон қилинмоқда. Анзоров твиттерда ўқитувчини пайғамбарни ҳақоратлагани учун “қатл этгани” ҳақида хабар қолдирган.

Макрон ушбу қотилликни “ислом террорчилигига хос хатти-ҳаракат” деб атаганди. Франция президенти ундан аввалроқ, октябрь ойи бошидаги маърузасида “ислом дини дунё бўйлаб инқироз ҳолатини бошдан кечирмоқда” дея таъкидлаганди. Аммо пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг карикатураси чизилганини сўз эркинлиги деб ҳисоблаши кўплаб давлатларда мусулмонлар ғазабига сабаб бўлди.

Кейинроқ Макрон Франция ҳукуматининг 2015 йилда Charlie Hebdo журналида чоп этилган пайғамбар карикатураларига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва мусулмонларнинг бундай карикатуралар сабабли кечираётган ҳис-туйғуларини тушунишини айтди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *