Мухторхон Ташходжаев Халқаро ва Осиё Паралимпия қўмиталари президентлари билан учрашди

Ўтган ҳафта Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри мезбонлиги остида ўтган пара атлетика бўйича Жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етди.

Келаси йили Токиода бўладиган Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмаларни тақдим этадиган ушбу мусобақада терма жамоамиз вакиллари муваффақиятли иштирок этди.

Ушбу жаҳон чемпионати доирасида Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев Халқаро паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс ҳамда Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашед билан учрашди.

Учрашув давомида томонлар мамлакатимизда Паралимпия ҳаракатини янада оммалаштириш ҳусусида фикр алмашишди ва кенг кўламли, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этишди. Келажакдаги ушбу умумий лойиҳалар барча қийинчиликларга қарамасдан, куч ва ғайратга тўла бўлган спортчиларимизнинг кейинги фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбари юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга, ҳусусан Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга бўлган эътибор ҳақида гапирди.

“Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан жисмоний имконияти чекланган ёшларни жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш натижасида Республикамизнинг турли худудларидан янги иқтидор эгалари кашф этилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ спортчиларимиз ўз иқтидор ва салоҳиятларини ишга солган ҳолда халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтаришмоқда”, – деди Мухторхон Ташходжаев.

Ўз ўрнида Халқаро паралимпия қўмитаси президенти ҳам мамлакатимизда Паралимпия ҳаракатига бўлган қизиқиш ошиб бораётгани ҳақида фикр билдирди.

“Ўзбекистонда Паралимпия спорт турларига бўлган қизиқиш кескин ошиб бормоқда. Буни ўзбекистолик спортчиларнинг жаҳон ареналарида қайд этаётган натижаларидан ҳам билиш мумкин. Албатта, бунинг замирида катта меҳнат ва ўзига яраша машаққат ётади. Бунда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг ҳиссаси юқори”, – деди Эндрю Парсонс.

Маълумот ўрнида, Пара атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бу галги жаҳон чемпионатида тарихий натижани қайд этди. Дунё биринчилигида илк бор 8 та медални қўлга киритган спортчиларимиз мусобақани умумжамоа ҳисобида кучли ўнликда якунлашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *