«МЮ», «Арсенал» ва «Бавария» фаол, «Барселона» янги футболчи олмади. Сўнгги кундаги асосий трансферлар

Европада сешанбага ўтар кечаси трансферлар даричаси ёпилди. Сўнгги кун ҳар доимги каби интригаларга бой кечди. Дедлайн арафасида чиндан ҳам бир қатор қизиқарли трансферлар амалга ошди ва улардан бири «Атлетико» бош мураббийи Диего Симеонени ғазаблантирди ҳам. Қуйида сўнгги куннинг асосий трансферлари ҳақида.

Фото: Srdjan Stevanovic/Getty Images

Эдинсон Кавани, «Манчестер Юнайтед»га эркин агент сифатида
«ПСЖ»нинг собиқ форварди фақат 5 октябрь кунига келиб янги клубини аниқлаб олди. Кавани ўтган мавсумда Париж клубида 22 ўйинда 7 гол урган ва мавсум якунида шартномаси муддати якунланиши муносабати билан эркин агентга айланганди. Ушбу уругвайлик футболчи ёзда «Бенфика», «Рома», «Ювентус» ва «Атлетико» каби клублар билан музокаралар ўтказди. Аммо барча даъвогарлар у ҳаддан ташқари юқори миқдорда маош талаб қилгани учун музокараларни тўхтатишди. Охир-оқибат энг яхши таклиф «Манчестер Юнайтед» томонидан берилди. Кавани янги клуби билан кейинроқ яна бир мавсумга узайтириш шарти билан бир йиллик шартнома имзолади. Англияда у 10 млн евро миқдорида йиллик маош олади.

Алекс Теллес, «Порту»дан «Манчестер Юнайтед»га

«Манчестер Юнайтед» ниҳоят чап қанот ҳимоясини кучайтирди. Душанба куни кечқурун манкунианликлар «Порту» ҳимоячиси Алекс Теллес билан тўрт йиллик шартнома тузди (кейинроқ яна бир мавсумга узайтирилиши мумкин). Transfermarkt маълумотига кўра, трансфер суммаси 15 млн еврони ташкил этган. Бразилиялик футболчи – ҳужумга фаол қўшилувчи футболчи бўлиб, у португаллар жамоасида 195 ўйинда 26 гол урган ва 57 голли узатмани амалга оширган. «Қизил иблислар» трансферларнинг сўнгги кунида «Аталанта»дан 17 ёшли ҳужумчи Амад Траорени 21 млн еврога сотиб олди (кейинроқ бонуслар ҳисобига бу миқдор 41 млн еврога етиши мумкин), у ҳали 18 ёшга тўлмагани учун клубга 2021 йил январида қўшилади. Уругвайнинг «Пеньяроль» клубининг 18 ёшли яримҳимоячиси Факундо Пельистри ҳам «Манчестер Юнайтед» ўйинчисига айланди. Клуб уни 8,5 млн эвазига трансфер қилган ва 5+1 шаклида шартнома имзоланган.

Эрик Шупо-Мотинг, «Бавария»га эркин агент сифатида

«ПСЖ» билан шартномаси якунланиб, эркин агентга айланган камерунлик ҳужумчи Эрик Шупо-Мотинг янги мавсумни Германия Бундеслигасида давом эттиради. «Бавария» 31 ёшли ҳужумчи билан бир йиллик шартнома тузган, томонлар мавсум якунида келишувни яна узайтиришлари мумкин. Германия чемпионати ушбу футболчига бегона эмас, у 2017 йилдан 2017 йилда Англиянинг «Сток Сити» клубига йўл олгунича «Ҳамбург», «Нюрнберг», «Майнц» ва «Шальке-04» каби клублари шарафини ҳимоя қилган. У 2018 йилдан буён парижликлар сафида тўп суриб келаётганди.

Дуглас Коста, «Ювентуса»дан «Бавария»га
Бразилиялик вингер «Бавария»га қайтди, у бу жамоада 2015 йилдан 2017 йилгача ҳам тўп сурганди. Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиблари Дуглас Костани мавсум охирига қадар ижарага олишди. Шу билан бирга, немислар клуби ушбу футболчини кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас. «Бавария» дедлайн арафасида фаол бўлди, Дуглас Костадан ташқари «Эспаньол»дан 23 ёшли яримҳимоячи Марк Рохани 15 млн еврога, «Марсель»дан 28 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Буну Саррни 10 млн еврога харид қилди. Ўз навбатида, клубнинг 21 ёшли яримҳимоячиси Микаэл Кюизанс «Марсель»га бир йилга ижарага берилди.

Томас Парти, «Атлетико»дан «Арсенал»га
Испаниядан келган маълумотларга кўра, Симеонени Партининг «Арсенал»га ўтиши қаттиқ ғазаблантирган. Аргентиналик мутахассис ганалик яримҳимоячи «Атлетико»да қолишига ишонган ва тактик режаларини у билан боғлаганди, аммо инглизлар клуби кутилмаганда сўнгги куни унинг шартномасида кўрсатилган 50 миллион евро миқдоридаги бадал пулини тўлиқ тўлаб беришга розилигини билдириб, Мадридга хат ёзган. Ушбу 27 ёшли таянч яримҳимоячиси янги клубида 18-рақам остида тўп тепади. Клуб у билан узоқ муддатли шартнома тузган. Лондон клуби яримҳимоячиси Лукас Торрейра ҳам қарама-қарши йўналишда Испанияга йўл олган, «Атлетико» уни ижарага олди. Лондонликлар яна бир таянч яримҳимоячиси Маттео Гендузини «Ҳерта»га бир мавсумга ижарага берди.

Федерико Кьеза, «Фиорентина»дан «Ювентус»га
Дуглас Коста «Ювентус»даги жойини Италия миллий жамоасига номзод бўлган футболчи Федерико Кьезага бўшатиб берди. Туринликлар клуби молиявий фэйр-плейга амал қилиш учун «Фиорентина» билан ўзига хос трансфер келишувини тузди. Футболчи дастлабки икки мавсумда ижара асосида ўйнайди. Флоренцияликларга биринчи мавсум учун 3 млн евро, иккинчи мавсум учун 7 млн евро берилади. Шундан сўнг Италия чемпионлари Кьезанинг трансфер ҳуқуқини сотиб олишади ва «Фиорентина» ҳисобига яна 40 млн евро ўтказиб беришади. Бундан ташқари, футболчининг ўйинига қараб тўланадиган бонуслар миқдори 10 миллион еврогача етиши мумкин.

Данилу Перейра, «Порту»дан «ПСЖ»га

«ПСЖ» раҳбарияти Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш учун клубга марказий яримҳимоячи етишмаяпти, деган хулосага келди ва таркибга Португалия миллий жамоаси таянч яримҳимоячиси Данилу Перейра қўшиб олинди. Парижликлар клуби футболчининг бир йиллик ижараси учун 4 млн евро тўлайди. Агар бу футболчи мавсум давомида ўзини яхши томондан кўрсата олса, Франция чемпионлари унинг трансферини «Порту»дан сотиб олишлари мумкин. «ПСЖ» трансферларнинг сўнгги кунида «Барселона»нинг яримҳимоячиси Рафинья Алькантарани ўз сафига қўшиб олган ва у билан 2023 йилгача шартнома тузилган. Келишувнинг молиявий жиҳатлари ошкор этилмаган, ОАВ маълумотига кўра, ушбу 27 ёшли футболчи Парижга эркин агент мақомида келган. Бир неча кун муқаддам парижликлар клуби спорт директори Леонардо клубнинг трансферлар бозоридаги сустлигидан норозилик билдирган Томас Тухелни танқид қилганди. 

Тьемуэ Бакайоко, «Челси»дан «Наполи»га

Ўтган мавсумда Тьемуэ Бакайоко собиқ жамоаси «Монако»да ижара асосида ўйнади, энди эса «Челси» ушбу марказий яримҳимоячисини «Наполи»га ижарага берди. Женнаро Гаттузо ушбу 26 ёшли француз трансферида шахсан ташаббус кўрсатди, Бакайоко «Милан»га ижарага берилганида Гаттузо миланликларга бош мураббийлик қилганди. Итальянлар клуби бир мавсум ижараси учун 2 млн евро тўлайди. «Наполи»да 7 мавсум ўйнаган Хосе Кальехон эса клубни тарк этди: 33 ёшли испаниялик эркин агент мақомида «Фиорентина» сафига бориб қўшилди.

Крис Смоллинг, «Манчестер Юнайтед»дан «Рома»га
«Рома» ва «Манчестер Юнайтед» ёз бошидан буён Смоллинг трансфери борасида савдолашмоқда. Ўтган мавсумда англиялик футболчи римликлар сафида ижара асосида ўйнади, итальянларга эса унинг ўйини манзур бўлди ва раҳбарият унинг трансферини сотиб олишга қарор қилди. Аммо «МЮ» «Рома» таклиф қилганидан кўпроқ талаб қилди. Томонлар трансферлар даричаси ёпилиши арафасидагина қўлни қўлга беришди. Манкунианликлар трансфер учун 15 млн евро олишади, яна 5 млн евро бонуслар кўринишида тўланиши мумкин. Римликлар сафини эса икки футболчи тарк этди: Жастин Клюйверт «РБ Лейпциг»га ижарага берилди, Диего Перотти эса «Фенербаҳче»га сотиб юборилди.

Маттео Дармиан, «Парма»дан «Интер»га

Италиялик ҳимоячи Маттео Дармиан яна топ-клубда пайдо бўлди: у «Парма»дан «Интер»га келиб қўшилди. «Нерадзурри» 30 ёшли футболчини кейинги йил ёзида 2,5 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди. Антонио Конте Миланда «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчиларини йиғмоқда. Дармиангача «Интер» сафига манкунианликларнинг яна уч нафар собиқ футболчиси – Эшли Янг, Алексис Санчес ва Ромелу Лукаку ҳам келиб қўшилганди.

«Барселона» фақат сотди ёки ижарага берди
«Барселона» трансферлар ойнасини муваффақиятсизлик билан якунлади. Клуб сўнгги кунга қадар «Лион»дан Мемфис Депайни, «Манчестер Сити»дан Эрик Гарсияни таркибга қўшиб олишга уринди, аммо уддасидан чиқа олмади. Каталонияликлар тарбияланувчиси бўлган ҳимоячи Гарсияни сотиб олишга каталонияликлар боссларининг хасислиги халал берли – «Сити» футболчи учун 20 миллион евро сўраганди, «Барса» эса 17 миллион евродан ортиқ тўлай олмаслигини билдирди. Депай «Барселона»га келиши учун эса, Усмон Дембеле «МЮ»га кетиши керак эди, аммо бу режалар ҳам барбод бўлди.

Бунинг ўрнига клуб яна бир қатор футболчилари билан хайрлашди. Бразилиялик яримҳимоячи Рафинья Алькантара «ПСЖ»га бориб қўшилди, клубда ўрнини топа олмаган, ўтган мавсумни ижара асосида «Шальке»да ўтказган Жан-Клер Тодибо «Бенфика»га йўл олди – португаллар уни кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқи билан икки мавсумга ижарага олишган. 20 ёшли ҳимоячи Хуан Миранда эса «Бетис»га ижарага берилди.

Яна қандай трансферлар амалга оширилди:

Англияда:
Англиялик вингер Тео Уолкотт «Саутҳемптон»га қайтди – «Эвертон» уни бир мавсумга ижарага берди;
«Эвертон» «Норвич»дан 22 ёшли марказий ҳимоячи Бен Годфрини 22 миллион еврога сотиб олди ва у билан 2025 йилга қадар амалда бўлувчи шартнома тузилди;
«Вулверҳэмптон» 21 ёшли ҳимоячиси Рубен Винагрени бир йилга Грециянинг «Олимпиакос» клубига ижарага берди;
«Вест Ҳэм» яримҳимоячилари Жек Уилшер ва Жош Каллен билан шартномани бекор қилди;
«Лидс» «Ренн»нинг бразилиялик вингери Рафинья билан 4 йиллик шартнома имзолади. Трансфер қиймати – 17+6 млн евро;
«Эвертон» «Рома»нинг швециялик дарвозабони Робин Ульсен билан таркибни тўлдирди – 30 ёшли футболчи ижарага олинган;
«Челси» яримҳимоячиси Рубен Лофтус-Чикни ижарага берди. «Фулҳэм» англиялик 24 ёшли футболчини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди.

Испанияда:
«Севилья» АЗ «Алкмар»дан Уссама Идриссини ўз сафига қўшиб олди. Футболчи 12 млн еврога трансфер қилинди ва у билан 2025 йилга қадар шартнома тузилди.
Испан клуби «Ҳерта» ҳимоячиси Карим Рекикни ҳам трансфер қилди. 25 ёшли нидерланд футболчиси билан ҳам 5 йиллик шартнома тузилган. Трансфер учун 4 млн евро тўланган.
Люка Зидан эркин агент мақомида «Райо Вальекано» сафига бориб қўшилди.
«Атлетико» ҳужумчиси Никола Калинич «Верона» билан икки йиллик шартнома имзолади;
«Бетис» «Барса»дан ҳимоячи Хуан Мирандани ижарага олди. 20 ёшли ушбу футболчи 2014 йилга қадар «яшил-оқлар» академиясида тарбияланган, шундай экан, уни уйга қайтди деса ҳам бўлади;
«Атлетико» Томас Партининг «Арсенал»га трансфери доирасида лондонликлар яримҳимоячиси Лукас Торрейрани бир мавсумга ижарага олишди.

Германияда:
«Ҳоффенҳайм» «Тоттенҳэм»дан Райан Сессеньонни ижарага олди. Лондонликлар чап қанот ҳимоясига «Реал»дан Серхио Регилонни олиб келишганди;
«Ҳоффенҳайм» «Шальке»дан яримҳимоячи Себастьян Рудини ҳам ижарага олди;
«Бавария» «Марсель»га 21 ёшли яримҳимоячиси Микаэль Кюизансни бир мавсум учун ижарага беришди;
«Ҳерта» «Арсенал»дан яримҳимоячи Маттео Гендузини ижарага олди.
«Лейпциг» «Рома» яримҳимоячиси Жастин Клюйвертни бир йилга ижарага олди.

Италияда:
«Фиорентина» «Ривер Плейт»нинг 24 ёшли яримҳимоячиси Лукас Мартинес Куартани 6 миллион еврога сотиб олиб, у билан 5 йиллик шартнома тузди. Шунингдек, «Монако» ҳимоячиси Антонио Барекку ижарага олинди;
«Порту» ҳимоячиси, ўтган мавсумда «Зенит» сафида Россия чемпиони бўлган Йордан Осорио 4 миллион евро эвазига «Парма»га ўтди;
«Кальяри» «Наполи» вингери Адам Унасни бир мавсум учун ижарага олди.
Хосе Кальехон – «Фиорентина»нинг яна бир янги футболчиси. У клубга эркин агент мақомида қўшилди.
«Нант» яримҳимоячиси Жан-Виктор Макенго – «Удинезе» футболчиси. У билан 2025 йилга қадар амал қилувчи шартнома тузилган;
«Уотфорд» яримҳимоячиси Жерар Деулофеу ижара асосида «Удинезе» сафига келиб қўшилди.
Уругвайлик вингер Диего Лаксальт ижара ҳуқуқи асосида «Милан»дан «Селтик» сафига ўтди.

Францияда:
«Ювентус»нинг 25 ёшли ҳимоячиси Маттиа де Шильо кейинги икки мавсумни ижара асосида «Лион»да ўтказади;
«Сент-Этьен» «Байер»дан кейинроқ 6,5 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан грециялик марказий ҳимоячи Панайотис Рецосни ижарага олди;
«Ренн» «Андерлехт» вингери Жереми Доку учун 27 миллион евро тўлади ва у билан 5 йиллик шартнома тузилди. Экспертларнинг ёзишича, ушбу 18 ёшли футболчи ажойиб дриблингга ва кучли зарбага эга ва клуб уни кейинроқ топ-клубларга катта нархга пуллашни режалаштирган;
«Лион» яримҳимоячиси Жефф Рен-Аделаид 25 млн евро эвазига «Ницца»га ўтди. У олдиндаги мавсумни ижара асосида ўтказади, кейин эса тўлақонли шартнома тузилади.

Қолган лигаларда:
Португалия чемпионатининг ўтган мавсумида сенсация қилган марказий ҳужумчи Тони Мартинес «Фамаликан»дан «Порту»га ўтди – 23 ёшли испаниялик тўпурар учун «аждарлар» 3,5 миллион евро тўлашди;
«Олимпиакос» ПСВ клубининг 25 ёшли португалиялик вингери Брумуни ижарага олган. Келишув бир йилга тузилган, футболчининг трансфери 6,5 млн еврога баҳоланмоқда;
Яримҳимоячи Дэви Классен «Аякс»га қайтди. 27 ёшли футболчи 2017 йилда Амстердамни тарк этган, ўтган вақт мобайнида «Эвертон» ва «Вердер» клубларида ўйнаганди. Нидерландия чемпионлари уни 11 млн еврога сотиб олиб, у билан 4 йиллик шартнома имзоланди;
Португалиялик яримҳимоячи Мануэл Фернандеш Туркиянинг «Кайсериспор» клуби билан икки йиллик шартнома имзолади;
«Бешиктош» «Лестер» яримҳимоячиси Рашид Ғаззолни сафига қўшиб олди. Трансфернинг молиявий жиҳатлари ошкор этилмаган;
Россияда трансферлар даричаси ҳали очиқ. «Ростов» яримҳимоячиси Матиас Норманнга «Фулҳэм»дан қизиқиш мавжуд, россияликлар клуби ушбу футболчиси трансферини 25 млн еврога баҳолаган;
«Краснодар» «Ҳоффенҳайм»дан арманистонлик яримҳимоячи Саркис Адамянни сотиб олмоқчи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *