Навальний тўлиқ ўзига келдими: Журналистлар, унинг сафдошлари ва ҳукумат нима демоқда?

Пайшанба куни ОАВ икки ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида кома ҳолатида бўлган Алексей Навальний ўзига кела бошлагани ва у энди гапира олиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди. Бу вақтда сиёсатчининг тарафдорлари бу хабарларда ноаниқликлар кўплигини айтишмоқда. Кремл эса беморнинг ҳолати ҳақида расмий маълумотга эга эмаслигини билдирган.

Фото: The Insider

The Insider ва Der Spiegel Алексей Навальнийнинг ҳолати сезиларли даражада яхшилангани ҳақида ёзди. Der Spiegel хабарида россиялик мухолиф сиёсатчи яна гапира олиши, эҳтимол Томск — Москва самолёти бортида нималар бўлганини эслаши мумкинлиги айтилган. The Insider нашри эса Навальний соғлиги ёмонлашидан олдин содир бўлган воқеаларни эслай олгани ҳақида ёзди. Нашр унинг нутқи тиклангани бўйича аниқлик киритмаган, аммо Навальнийнинг аҳволи «бу вазиятда кутилганидан яхшироқ экани», у 7 сентябрь куни сунъий комадан чиққанидан кейин «тўлиқ ўзига келгани»ни маълум қилган. Ўшанда шифокорлар у атрофидагиларнинг мурожаатларига базўр реакция қилаётганини айтишганди.

Hayong Jeon / EPA / Scanpix / LETA

The Insider нашри шифокорларга асосланиб хабар қилишича, Навальный ақлий жиҳатдан деярли тўлиқ тикланган, жисмоний жиҳатдан эса камида 90 фоизга тикланган (Der Spiegel мақоласида бу ҳақда келтирилмаган). The Insider сиёсатчи «Новичок»дан заҳарланган бошқа қурбонлар — Сергей Скрипаль ва Емельян Гебрев билан таққослаганда анча тез ва осон тикланаётганини қайд этган. Нашр маълумотига кўра, шифокорлар Навальнийнинг олдига нафақат рафиқаси, балки бошқа меҳмонлар ҳам киришига рухсат беришган (Der Spiegel мақоласида бу маълумотлар ҳам йўқ, нашр фақат Навальний соғлиги яхшилангани сари кўпроқ зиёратчиларни қабул қилиши мумкинлигини ёзган).

Der Spiegel маълумотига кўра, Берлин полицияси Навальнийни қўриқлашни кучайтирган (полициядагилар эса бу ҳақда бехабарликларини билдиришган). Хабарда айтилишича, сиёсатчининг аҳволи яхшилангач, ҳуқуқ-тартибот органлари унинг ҳаётига яна суиқасд амалга оширилишидан хавотирга тушишган. The Insider манбаси хабарига кўра, Навальнийнинг олдига кириш учун уч босқичли қўриқлаш тизимидан ўтиш керак бўлади. Хавфсизлик чораларининг юқори даражаси 9 сентябрь куни, сиёсатчи барчасини эслай бошлаганидан кейин жорий этилгани айтилмоқда. Манба маълумотига кўра, Германияда нафақат Навальнийга жисмоний таҳдидларга, балки сиёсатчи даволанаётган «Шарите» клиникасини обрўсизлантириш учун «ахборий хуружлар» уюштирилишига тайёрланишмоқда.

EPA

9 сентябрь куни Германиядаги яна бир нашр Die Zeit Алексей Навальнийга «Новичок»нинг янги тури билан суиқасд уюштирилгани, мазкур модда аввалгиларига нисбатан хавфлироқ экани ҳақида хабар тарқатганди. Манба сўзларига кўра, Навальнийни заҳарлаган шахслар уни самолётда ўлдиришни мақсад қилишган, сиёсатчи омадли тасодифлар занжири сабаб омон қолган — учувчининг тезкор ҳаракати ва самолётни қўндириши, шифокорларнинг беморга жуда тез атропин дорисини юборгани шулар жумласидан. Бу маълумотлар The Insider нашрида ҳам такрорланган. Der Spiegel эса Германия хавфсизлик хизматидаги манбага асосланиб ёзишича, бундай амалиёт фақат рус махсус хизматлари томонидан амалга оширилиши мумкин. Хабарда сиёсатчини заҳарлашда қўлланган заҳар Россиядаги ҳарбий лабораторияда тайёрлангани айтилган. Бу модда Навальний чой ичган идиш орқали аниқланган, бу идиш сақлаб қўйилган ва Германияга юборилганди; The Insider’нинг қайд этишича, заҳарловчилар бу детални эътибордан четда қолдириши уларнинг катта хатоси бўлган.

Ўз навбатида Навальнийнинг сафдошлари Der Spiegel мақоласида бир қатор хатолар борлигини айтишмоқда. «Агар Der Spiegel ёзган гапларнинг барчаси тўғри бўлганида хурсанд бўлардим, аммо афсуски, бу мақолада кўплаб хатолар мавжуд», — деган «Медуза»га Навальнийнинг ҳудудий штаби раҳбари Леонид Волков. Худди шундай баёнот Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш томонидан берилган. «Алексей ҳақидаги сўнгги материаллар ҳақида: у ўзига келгани ва атрофидагиларга жавоб қайтараётгани ҳақида биз душанба куни хабар қилгандик, аммо асосий мақолада жуда бўрттириб юборишган ва кўплаб ноаниқликларга йўл қўйилган», — дея ёзган Ярмиш твиттерда. Айнан қандай ноаниқликлар ҳақида гап кетаётгани ва бунда ноаниқликлар The Insider нашрида ҳам бор ёки йўқлигига аниқлик киритилмаган.

Германия Навальнийдан олинган лаборатория тадқиқотлари намуналари натижаларини Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотига (ОPCW) топширди. Германия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Берлин ушбу маълумотларни тўғридан-тўғри Россияга бериш ниятида эмас, чунки Россия шундоқ ҳам ОPCW аъзоси ҳисобланади. Ўз навбатида, Германия Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Мартин Фицнинг таъкидлашича, «ҳозирда керак бўлган маълумот Германияда эмас, балки Россияда мавжуд». 

Италия бош вазири Жузеппе Конте Путин Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ ишни текшириш учун махсус комиссия тузишга тайёрлигини маълум қилди. Аммо Кремлдагилар бу баёнотни тушунмовчилик деб аташди. «Президент Путин мени Россия нима бўлганини аниқлаш ниятида эканига ишонтирди, у Россия текширув ўтказиш учун тергов комиссияси тузиши ва немис ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди», — дея Контенинг сўзларини келтирган Италиядаги Il Foglio нашри. Кремль сайтидаги маълумотлардан билиш мумкинки, Россия президенти Италия бош вазири билан 26 август куни гаплашган ва чиндан ҳам Навальнийга нима бўлганини текширишга қизиқиш билдирган, аммо Кремль сайтида комиссия тузилиши ҳақида гап йўқ. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Контенинг сўзларини «англашилмовчилик» деб атади. У Россия Навальнийнинг заҳарланиши бўйича жиноий иш очишга ҳеч қандай сабаб кўрмаётгани, россиялик мутахассислар унинг организмида ҳеч қандай заҳарловчи модда изларини топишмаганини такрорлади.

АҚШ давлат котиби Москва Навальнийнинг заҳарланишига алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Давлат думасидагилар буни Россияга қарши провокация далили сифатида баҳолашди. «Одамлар диссидентни заҳарлашга уринишга гувоҳ бўлишганда, бунинг ортида россиялик юқори мартабали расмий шахслар туриши эҳтимоли катталиги маълум бўлганида, менимча, бу Россия халқи учун ёмон», — деди Майк Помпео. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия расмийларининг Навальнийнинг заҳарланишига алоқадорлиги хусусидаги ҳар қандай ишорани «хато ва тоқат қилиб бўлмайдиган» деб атади. Давлат думасининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси аъзоси Сергей Железняк РИА Новости нашрига берган интервьюсида, Помпеонинг сўзларидан кейин Навальнийнинг заҳарланиши Россияга қарши провакация бўлганига шубҳа қолмагани ҳақида гапирди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *