Нодиржон ТУРСУНОВ: Паралимпиячиларимиз допингдан йироқ!

Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси бўлган ушбу спорт тадбирида мамлакатимиз шарафини янада юксалтиришга интилаётган паралимпиячиларимиз учун кенг имконият, қулай шароитлар яратилмоқда. Уларнинг юқори марраларни эгаллаши эса халқимиз қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдириши шубҳасиздир.

Паралимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, иштирокчиларни допинг муаммосидан сақлаш каби масалалар юзасидан ЎзА мухбири Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон ТУРСУНОВ билан суҳбатлашди.

– Паралимпия ўйинлари олдидан атлетларимизни допингдан сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтсангиз.

– Паралимпия ўйинларига ҳам саноқли кунлар қолди. Паралимпиячиларимиз билан антидопинг соҳасида тайёргарликни икки йил аввал бошлаганмиз. Паралимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи лицензия эгалари ва лицензияга даъвогар спортчиларимиз билан жадвал асосида 60 дан ортиқ учрашувлар ташкил этилди.

Ушбу учрашувлар ўқув дастурлари, амалий семинарлар, давра суҳбатлари ва турли муаммоли вазиятларга тўғри баҳо бериш каби шаклларда ўтказилди. Пандемия даврида спортчиларимизнинг саломатлигига зиён етказмаслик ва COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларимизнинг бир қисмини онлайн тарзида ўтказдик. Буларда нафақат спортчилар, балки уларнинг мураббийлари ва тиббиёт ходимлари ҳам фаол қатнашиб, улар спортда допингга қарши курашга оид турли мавзулар, жумладан, замонавий спортда допинг муаммоси, антидопинг қоидабузарликларининг турлари, спортчида допинг истеъмолининг ижтимоий, тиббий ва руҳий асоратлари, паралимпия спортчисининг саломатлигига допингнинг қўшимча салбий таъсири оқибатлари, спортда тақиқланган дори-дармонларни саломатлиги учун зарур ҳолларда истеъмол қилиниши керак бўлган вазиятда спортчилар махсус рухсатнома олишлари мумкинлиги ва уни расмийлаштириш тартиб-қоидалари, допинг-синамалар топширишда спортчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Шу билан бир қаторда, “Tokio-2020” Паралимпия ўйинларини имкон қадар шаффоф ва допингдан холи муҳитда ўтказиш мақсадида, Халқаро Паралимпия қўмитаси ва Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг қўшма қарорига кўра, паралимпия спортчиларимиздан 2021 йил февраль ойидан бошлаб ўйинларга қадар 3 мартадан допинг-синамалар олиниб, тахлил қилинди. Қувонарлиси шуки, 130 дан ортиқ олинган деярли барча допинг-синамаларда допинг моддалари аниқланмагани спортчиларимиз фақат ўз кучи, куч-қуввати ва матонатига ишониб, ишончли ғалабаларга эришишига тўлақонли умид қилсак, айни муддао бўлади.

– Паралимпия ўйинларига йўлланма олган спортчиларимиз допинг рўйхатида бўлган, аммо соғлиғи учун зарур дори воситаларини қўллаши керак бўлса, қандай чора кўрилади?

– Дарҳақиқат, кўпчиликка маълумки, паралимпия спортчиларимизнинг ҳар бирида ўзига хос, ногиронликка сабаб бўлган хасталиклари мавжуд. Ушбу хасталиклар у ёки бу дори-дармонларни истеъмол қилишни талаб этади ва, табиийки, уларнинг орасида оддий аҳолига мумкин, лекин спортда тақиқланган дори-дармонлар бўлиши эҳтимоли мавжудки, улар спортчининг айрим сифатларини кучайтириб, унинг рақибларидан устунликка олиб келади. Мана шу ҳолларда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги етакчи шифокор-олимлардан иборат махсус комиссия аъзолари паралимпия спортчиларимизнинг мурожаатларини чуқур кўриб чиқиб, улар томонидан Бутунжаҳон антидопинг кодекси ҳамда Терапевтик истиснолар бўйича Халқаро стандарт талабларига риоя қилган холда ушбу тақиқланган дори-дармонларни даволаниш мақсадида истеъмол қилишга вақтинчалик рухсат берилади. Эътибор бериш лозимки, бу рухсатнома тегишли тартибда асосланиб, албатта Бутунжаҳон антидопинг агентлиги ва Халқаро Паралимпия қўмитаси билан келишилганидан сўнг кучга киради. Ҳозирда 4 нафар паралимпия спортчимиз ушбу рухсатномаларга эга бўлиб, саломатликларига зарар етказмаган ҳолда спорт билан шуғулланиб келмоқда.

– Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ва Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар нималарда намоён бўлмоқда?

– Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг кенг қамровли фаолияти Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) эътиборидан четда қолмади. Шуни таъкидлаш жоизки, 8 та давлатдан иборат Минтақавий антидопинг ташкилоти давлатлари орасида Агентлигимиз энг ёши бўлиб, 2018 йил январь ойида ташкил топган бўлса-да, ўтган қисқа муддат ичида антидопинг таълим дастурлари билан қамраб олиш кўрсаткичи бўйича биринчи ўринни, допинг-синамалар олиш ҳажми кўрсаткичи бўйича иккинчи ўринни, мақсадли допинг-тестлаш ҳамда халқаро спорт мусобақалари давомида нуфузли халқаро спорт ташкилотларининг буюртмасига кўра спортчилардан допинг-синамалар олиш ҳажми кўрсаткичлари бўйича биринчи ўринни ҳамда “WADA” меъёрий ҳужжатлари, халқаро стандартлари ва техник ҳужжатларини миллий қонунчиликка мослаштириш ва амалиётга татбиқ этиш кўрсаткичи бўйича Осиё давлатлари ичида биринчи ўринни эгаллашга муяссар бўлди. Шу сабабли ҳамда мамлакатимиз раҳбарининг спортда допингга қарши кураш соҳасида Агентлигимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаб келишлари туфайли “WADA” ташкилоти Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигини ўзининг ишончли ҳамкори сифатида Осиё минтақасида етакчи Агентликлар қаторида эътироф этиб келмоқда.

– Умуман Паралимпиянинг қайси спорт турларида допинг хавфи каттароқ ва Агентлик томонидан ушбу спорт туридагилар назоратга олинганми?

– Албатта, Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бир- бирига ўхшаш бўлганидек, улардаги муаммолар, хусусан, допинг муаммолари ҳам жуда ўхшаш. Допинг истеъмол қилиш ҳолатлари деярли барча спорт турларида учраб турса-да, айрим спорт турлари билан шуғулланадиган спортчилар допингга алоҳида ружу қўйган. Масалан, соғлом спортчилар орасида тақиқланган моддалар енгил атлетика, оғир атлетика, сузиш, триатлон, дзюдо каби спорт турларида нисбатан кўпроқ учраса, ногирон спортчиларда ҳам деярли ана шу спорт турларида допинг ҳолатлари учраб турибди. Бу нимадан дарак беради? Агар допингнинг тарқалиш йўлларини таҳлил қилсак, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин. Биринчи навбатда, соғлом ва ногирон спортчилар ўртасида зарарли маълумот алмашинуви мавжудлиги. Иккинчидан, соғлом ва ногирон спортчиларга битта мураббий ёки битта мураббийлик мактаби устозлик қилаётгани. Учинчидан, Олимпия ва Паралимпия спортчиларига тиббий ёрдам кўрсатаётган ва допингни яширинча истеъмол қилиш юзасидан ўзининг “қимматли” маслаҳатини бераётган, аслида бу ҳаракати билан касбий қасамёдига риоя қилмай, ўзбек спортининг шаънига путур етказаётган виждонсиз “шифокорлар”нинг ўзаро алоқадорлиги. Тўртинчидан, допинг ва бошқа тақиқланган моддалар мамлакатга марказлашган ҳолда айрим тадбиркорлар ва манфаатдор шахслар томонидан олиб кирилиши ҳам бошқа-бошқа спорт турларида деярли бир хил тақиқланган моддалар аниқланишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун допинг ва унга қарши кураш муаммоси бу –  биргина Агентликнинг эмас, спорт аҳли ва умуман жамиятимизнинг муаммоси бўлиб, унинг самарали ечими фақатгина тизимли ёндашув орқали, шу жумладан, тегишли меъёрий-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишдадир. Шу нуқтаи назардан, ҳозирда Агентлик мутахассислари соҳа бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганган холда, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқдалар.

– Паралимпия делегацияси таркибида Агентлик вакили бўладими ва уларнинг вазифаси нималардан иборат?

– Хабарингиз бор, Халқаро Олимпия ва Паралимпия қўмиталари ҳамда Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг қўшма тавсияномасига кўра, “Tokio-2020” Олимпия ва Паралимпия ўйинларидан бошлаб барча ушбу мусобақалар ҳамда йирик қитъавий спорт мусобақалари (Осиё ўйинлари) иштирок этувчи миллий спорт делегациялари таркибига мамлакатнинг миллий антидопинг агентликлари вакиллари киритилиши тавсия этилган. Бу билан мазкур йирик спорт мусобақалари давомида антидопинг соҳасига тегишли турли муаммоли вазиятлар, тушунмовчиликларнинг олдини олиш, спортчилар ва спорт делегацияси бошқа аъзоларининг ҳуқуқларини жойида таъминлаш, мажбуриятлари ҳақида уларни хабардор этиб туриш, мусобақалар давомида масъул антидопинг ташкилоти билан ишчи алоқаларни ўрнатиш ҳамда спортчиларнинг допинг-назорати давомида уларнинг қонуний вакили сифатида бевосита фаолият юритиш мақсади кўзда тутилган ва кўплаб мамлакатлар олимпия ва паралимпия ҳаракатлари томонидан ижобий қабул қилинди. Масалан, Токио-2020 ўйинларига Россия Федерацияси жами 7 нафар, АҚШ 16 нафар миллий антидопинг агентликлари вакилларини сафарбар этган бўлса, Марказий Осиё давлатлари ичида Қозоғистон 2 нафар вакилини юборади. Бошқа жиҳатларидан ташқари, бу мамлакат спортида антидопинг соҳасига бўлган эътибор даражасини яна бир бор намойиш этади, албатта. “Tokio-2020” Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон миллий паралимпия делегацияси таркибида Агентлигимизнинг бир нафар вакили бўлиб, у юқоридаги вазифалар ҳамда ногирон спортчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига масъул бўлади.

 Олимпия ўйинлари ҳам якунланди. Агарда спортчиларимиз қон таҳлилидан тақиқланган модда чиқса, Агентлик қандай чора кўради?

– Олимпия ўйинларида жорий этилган тартибга кўра, мусобақалардан олдин ҳамда мусобақаларнинг натижасига кўра спортчилардан қон ёки пешоб допинг-синамалари олинди. Допинг-синамалар асосан тасодифий тартибда, яъни хоҳлаган спортчидан, шубхали спортчилардан ҳамда Олимпиада совриндорларидан олинди. Допинг-синамаларининг натижаси антидопинг лабораториясидан келгач, Халқаро Олимпия қўмитаси уларни ўрганади ва ижобий допинг-тест (яъни синама таркибида тақиқланган моддалар топилганида) аниқланган тақдирда, ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошланади. Уларни одатда Халқаро Олимпия қўмитасининг Тергов-суриштирув департаменти олиб бориб, сўнгра вазият юзасидан Халқаро Олимпия қўмитаси ҳузуридаги Ахлоқ бўйича комиссия тегишли қарор чиқаради. Бунда нафақат спортчи, балки суриштирув давомида аниқланган ва допинг можаросида иштироки тасдиқланган барча шахслар, шу жумладан, мураббийлар, спортчининг жамоадошлари, тиббиёт ходимлари ва спорт делегациясининг бошқа аъзолари Бутунжаҳон антидопинг кодексига мувофиқ жазога тортилиши кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларида ғолиб бўлишни барча иштирокчилар хоҳлаши табиий. Бироқ Олимп чўққисини забт этиш учун кимдир узоқ йиллар ҳалол шуғулланса, кимдир қинғир йўл билан забт этмоқчи бўлади. Биз паралимпиячиларимизнинг сўнгги йилларда эришаётган ютуқлари уларнинг тинимсиз меҳнати шаффофдек тоза эканига гувоҳ бўлмоқдамиз. Умид қиламизки, XVI ёзги Паралимпия ўйинларида ҳам атлетларимиз улкан марраларни ҳалоллик билан забт этади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *