Нурилло Тўхтасинов терма жамоадан чақирув кутяптими?

Coca-Cola Суперлиганинг 18-турида қолдирилган “Бунёдкор” – “Пахтакор” ўртасидаги ўйин 5 ноябрга белгиланганди. Агар “Пахтакор” рақибини мағлуб эта олса, муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштириб қўйган бўларди. Шу сабабли учрашувга қизиқиш юқори бўлди.

Аммо Вадим Абрамов ва унинг жамоаси “Пахтакор”нинг “Бунёдкор” стадионида чемпионликни нишонлашини хоҳламади. Шунга яраша улар Арвеладзе жамоасига жиддий қаршилик кўрсатди ва якунда 3:2 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди. Ўйин қаҳрамонларидан бири Нурилло Тўхтасинов бўлди.

“Бунёдкор” футболчиси иккита гол урди ва айниқса, ўйинда ҳисобни очган голи жуда чиройли чиқди. Ўйин якунига етганидан кейин Тўхтасинов sports.uz сайти учун таассуротлари билан ўртоқлашди.

–  Бугунги учрашув ҳаммага ёқди, худди йил ўйини мақоми остида ўтди, десак ҳам бўлади. Таассуротларингиз қандай?

–  Ўтган йили ҳам “Пахтакор”ни 3:2 ҳисобида ютгандик. Бу йил эса биринчи даврада бешта гол ўтказиб, йирик ҳисобда мағлуб бўлгандик. Ўйиндан бир кун аввал, Вадим Карленович 5:0 ҳисобидаги мағлубиятни унутишимизни, ўтган йилги ғалабамизни такрорлаймиз, ўзингларга ишонинглар, майдонга чиқиб, фақат ўз ўйинингларни кўрсатинглар, “Пахтакор” бу ердан чемпион бўлиб кетмаслиги керак, деди. Биз ҳам рақибни ўрганиб тайёргарлик кўрдик. Шунинг учун футболчиларда ўзига ишонч катта бўлди.

–  Иккита гол уриб ўйин қаҳрамонларидан бирига айландингиз. Айниқса, биринчи голингиз қойилмақом чиқди. Бу сиз учун энг чиройлисими?

–  Албатта, энг чиройлиларидан биттаси. Лекин “Пахтакор”га иккита гол уришимни ўйламагандим. Аммо учрашувдан олдин мураббийларимиз иккита ўйиндан бери гол урмаяпсан, бу ишни бажариш вақтинг келди, деб ишонч билдиришганди. Ўзим ҳам Шуҳрат ака Мақсудовга гол ураман, деб айтгандим. Бу учрашувда ўзим ҳам ҳеч бўлмаганда битта гол уришимни кўнглим сезганди. Ҳаттоки, бугун учта гол уришим ҳам мумкин эди, аммо учинчиси кирмай қолди.

–  Агар “Бунёдкор” мавсум давомида бугунгидек ўйин кўрсатганида бемалол кучли учталикда бўларди…

–  Тўғри. Ўйнаса жамоа ҳам “очилади”. Агар рақиб ўйнамасдан ҳимояга “ётиб” олса қийналамиз. “Пахтакор” билан эса очиқ ўйин бўлди. Барибир дербилар бошқача руҳда ўтади.

–  Вадим Абрамов сизни ҳам миллий термага чақиришини кутяпсизми?

–  Албатта мени ҳам термага чақирса, бундан жуда ҳам хурсанд бўламан. Лекин кимни таклиф қилиш ёки таклиф қилмаслик бу Абрамовнинг хоҳиши. Аммо мен бу ёғига ҳам яна ўз устимда ишлашда давом этаман. Балки кейинги йиғинларда ўзимни кўрсатсам, чақириши мумкин. Лекин термага чақирмаяпти, деб тушкунликка тушиб қолаётганим йўқ.

–  Агар сизга “Пахтакор”дан таклиф бўлса, рози бўласизми?

–  “Бунёдкор” билан яна бир йиллик шартномам бор. Олдиндан нимадир дея олмайман. 2021 йилда “Бунёдкор” билан шартномам тугайди. Келаси йил бўлаверсин-чи, ҳаммасини вақт кўрсатади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *