ОАВ вакиллари диққатига!

ОАВ вакиллари диққатига!

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогер ва журналистлар!

Маълумки, айни вақтда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам эпидемиологик вазият юзага келган. Яна бир неча кундан сўнг эса жонажон ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллик шодиёнасини нишонлаш арафасида турибмиз. Бироқ бугунги пандемия энг улуғ, энг азиз байрамимизни нишонлашимизга сира тўсқинлик қила олмайди.

Спорт жамоатчилиги юртдошларимизга кўтаринки руҳ, байрамона шукуҳ бағишлаш ниятида Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб турли онлайн мусобақалар ўтказмоқда. Улар орасида 28-30 август кунлари оғир атлетика бўйича бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнири алоҳида аҳамият касб этади.

ZOOM платформасида кечадиган мазкур турнирда дунёнинг 40 га яқин мамлакатидан 140 нафардан зиёд полвонлар ўз маҳоратини намойиш қилишади. Мусобақа Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ташаббуси билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида ташкил қилинмоқда.

Эртага, 25 август, соат 16:00 да ZOOM платформасида ушбу мусобақага бағишланган онлайн матбуот анжумани бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқаро ва Ўзбекистон оғир атлетика федерациялари вакиллари иштирок этишади. Анжуманда ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавоб олишингиз мумкин.

Азиз ҳамкасблар, барчангизни мазкур матбуот анжуманига таклиф этиб, унда фаол қатнашишга чорлаб қоламиз!

ID: 8382614753
Пароль: 2021

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *