ОАВ Трамп 10 йилдан бери даромад солиғини тўламагани ҳақида ёзди, у барчасини рад этди

Фото: Carlos Barria/Reuters

The New York Times нашри Дональд Трампнинг солиқ декларацияси бўйича қўлга киритган маълумотларини таҳлил қилиб, у сўнгги 15 йилнинг 10 йилида умуман солиқ тўламаганини аниқлаган. У 2016 йилда эса бор-йўғи 750 доллар федерал солиқ тўлаган. Ваҳоланки, у ва унинг компанияси Панамада 15 минг 598 доллар, Ҳиндистонда 145 минг 400 доллар ва Филиппинда 156 минг 824 доллар солиқ тўлаган.

Сўнгги 15 йил ичида у солиқ ҳисоботларида топганидан кўра кўпроқ зарарни кўрсатиб келган. Нашр маълумотларига кўра, 2018 йилда президент «Шогирд» реалити шоусидаги улушидан ва ўз исмидан фойдаланиш ҳуқуқи учун қарийб 427 миллион доллар, иккита офис биносига муваффақиятли сармоялар туфайли яна 176,5 миллион долларга эга бўлган. Мазкур даромадларнинг ўзи учун Трамп 100 миллион доллардан кўпроқ солиқ тўлаши керак эди.

Бироқ солиқ тўламасликнинг сабаби – Трамп ўзи эгалик қиладиган ва ўзи юритадиган бизнесида, деб ёзади газета. У ҳисоботларда кўрсатиб ўтган доимий зарар уни федерал даромад солиғини тўлашдан озод қилади. Хусусан, Trump National Doral Miami курорти ва Вашингтондаги Trump International Hotel Трампга зарар келтирган.

Трамп New York Times нашридаги маълумотларни ёлғон деб атади. «Буларнинг барчаси сохта янгиликлар. Аслида, мен солиқ тўлайман», дея ёзди у.

Президентнинг таъкидлашича, ҳозирда унинг солиқ декларацияси қайта кўриб чиқилмоқда. «Агар менинг декларациямни кўриб чиқсангиз, ўйлашимча, у ерда барча компаниялар учун 108та саҳифа бор. Сиз кўпроқ нарсани билиб оласиз. Мен бу жамоатчиликка етказилишини кутмоқдаман. Одамлар ҳақиқатан ҳам ҳайратда қолишади», деди Трамп.

New York Times нашри аввалроқ Трампни солиқларни сўлашдан бўйин товлашда айблаган эди. Газета 2019 йил май ойида Трамп бизнеси 1985 йилдан 1994 йилгача 1,17 миллиард доллар зарар кўргани ҳақида ёзганди. Нашр маълумотига кўра, бу Трампга саккиз йил давомида даромад солиғини тўламасликка ёрдам берган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *