Одилжон Пўлатов: Ҳозирги вазиятда биз психологларнинг фаолияти муҳим аҳамиятга эга

Карантин муносабати билан Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси жамоаси ўз уйларидан туриб масофадан иш олиб боришмоқда.

Бугун Паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати ассоциация психологи Одилжон Пўлатов билан карантин пайтидаги фаолияти юзасидан қисқача суҳбат уюштирди.

-Ҳозир ҳамма уйда. Бу пайтда сиз фаолиятингизни қандай ташкил қиляпсиз?

-Коронавирус сабаб мамлакатимизда жорий этилган карантин муносабати билан ҳамма қатори мен ҳам ўз уйимда, оилам даврасида ўтирибман. Зарурат бўлмаса, умуман кўчага чиқаётганим йўқ. Боиси, бугун мен уйда ўтирсам, оила аъзоларим ҳам хавфсиз бўлишади. Шу билан бирга иш ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Мен ҳам масофадан туриб фаолият олиб боряпман.

-Спортчилар билан масофавий иш ташкил қилишда қийинчиликларга дуч келмаяпсизми?

-Йўқ. Чунки, ҳамма спортчиларнинг телефон рақамлари ва интернет манзиллари менда бор. Қолаверса, спортчилар билан телеграм гуруҳ ташкил қилганмиз. Шулар воситасида улар билан алоқа доимий йўлга қўйилган. Ҳозирги вазиятда биз психологларнинг фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

-Хабарингиз бор пандемия сабаб Токио-2020 Паралимпия ўйинлари қолдирилди. Табиийки, бу айрим спортчиларнинг руҳиятига таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Бу борада қандай ишлар амалга ошириляпти?

-Албатта, Паралимпия ўйинларининг қолдирилиши унга тайёргарлик кўраётган ҳар қандай спортчининг мотивациясини сўндириши мумкин. Чунки, спорт бу мусобақани 4 йил кутади ва шунга қараб ўзини тайёрлаб боради. Шу боис бу вазиятда унинг руҳий ҳолатида ҳам ўзгаришлар рўй бериши табиий. Аммо, мана шунақа вазиятларда биз психологлар спортчилар билан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ шуғулланиб, уларни бу тушкунликдан олиб чиқиб кетишга ва янги марралар сари руҳлантиришга катта эътибор қаратишимиз керак. Мен ҳам ушбу хабарни эшитгач, дарҳол спортчиларимизнинг кўнглини кўтаришга ва мусобақаларнинг қолдирилиши уларнинг фойдасига хизмат қилишини тушунтиришга киришдим. Бундай кутилмаган хабарга қарамай, спортчиларимиз ўз олдиларига қўйган мақсадларидан асло чекинмаслкларига ишонаман.

-Спортчиларнинг ўз уйларида эканидан келиб чиққан ҳолда уларга қандай маслаҳатлар беряпсиз?

-Тўғри, спортчилар ўз уйларида. Ҳозирги шароитни тўғри тушунган ҳолда вазиятдан келиб чиқиб иш кўряпмиз. Масалан, уларга уй шароитида кунлик режани тўғри тақсимлаш бўйича керакли тавсиялар бериб борилмоқда. Бундан ташқари спорт турларига қараб психологик тестлар бериляпти.

Ўйлайманки, спортчиларимиз карантин даврида ҳам ўзларининг спорт формаларини ҳамда руҳий ҳолатини сақлаб тура олишади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *