Олимпия ўйинлари тарихидан қизиқарли фактлар

Энг қизиқ лаҳзалардан бири 1972 йилда Япониянинг Саппоро шаҳрида ўтказилган ХI қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимига тайёргарлик кўриш вақтида содир бўлган. Олимпия Хартияси қоидасига кўра ҳалқалар кўк-сариқ-қора-яшил-қизил кетма кетлигида жойлашиши белгиланган. Олимпия байроғи стадионга келтирилгач, синчков томошабинлардан бири байроқдаги ҳалқалар жойлашуви чалкашиб кетганлигини кўриб, ташкилий қўмита аъзоларига эътибор беришни сўраган. Аниқланишича, ушбу “хатолик” билан Олимпия байроғи 1952 йилдан бери қишки Олимпия ўйинларида намойиш етилиб, йигирма йил ичида эса ҳеч ким ҳеч нарсани пайқамаган. Ана холос!

Москва Олимпиадаси очилишидан анча олдин Паралимпия ҳаракати раҳбари доктор Гутман Олимпиада-80 ўйинлари ташкилий қўмитасидан ногиронлар Олимпиадасини ўтказишни сўраган ва аниқ жавоб олмаган. Партия ва спорт раҳбарлари СССРда ногиронлар йўқ деб ҳисоблашган. Ишониш қийин!
Натижада, Паралимпия ўйинлари Москвада эмас, Нидерландияда ўтказилган.

Берарусь миллий хоккей терма жамоаси ҳужумчиси Владимир Копат 2002 йил АҚШнинг Солт-Лейк-Сити шаҳрида бўлиб ўтган қишки Олимпия ўйинларида шведлар дарвозабони Томми Сало қўриқлаётган дарвозага ажойиб тарзда гол киритган. Ҳисоб 3:3 бўлиб турган ва ўйин тугашига 2 дақиқа қолган вақтда навбатдаги бешлик алмашинувига кетиши лозим бўлган Владимир Копат ўйин майдонидан чиқишдан олдин ҳар эҳтимолга қарши шайбани узоқ масофадан кўк чизиқ ташқарисидан дарвозага йўналтиришга қарор қилади ва ақл бовар қилмайдиган ҳолат содир бўлди. Швед дарвозабони Сало шайбани елкаси билан тўхтатишга ҳаракат қилади, лекин шайба бўйнига сирғалиб, юмалаб дарвоза тўрига тушади. Бу кулгули гол ҳолати сенсацион тарзда беларусларни Олимпия ўйинларининг ярим финалига олиб чиқди. Офарин!

Пекиндаги 2008 Олимпия ўйинларининг қўғирчоқ туморлари бешта рамзни ифодалайди – қалдирғоч, балиқ, панда, тибет сайғоғи ва Олимпия олови. Бу туморларда Бэй-Бэй, Цзин-цзин, Хуан-хуан, Ин-ин, Ни-ни номли исмлари бор. Агар тумор номларининг биринчи бўғинлари битта жумлага киритилса – «Пекинга хуш келибсиз» рамзий ибораси ҳосил бўлади. Ажойиб!

МОҚ Ахборот-таҳлил департаменти бош мутахассиси Ш.Назаров

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *