Олимпия ўйинлари тарихидан қизиқарли фактлар

Ўзбекистонлик илк Олимпиада чемпионини биласизми?
1952 йил Хельсинки шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик Галина Шамрай спорт гимнастикасининг кўпкураш баҳсларида жамоавий беллашувларда олтин, предмет билан машқда эса кумуш медални қўлга киритади. Бу натижаси орқали Шамрай ўзбекистонлик спортчилар орасида Олимпиада медалини қўлга киритган биринчи атлет сифатида тарихдан жой олади.

Амстердам (Нидерландия) шаҳрида 1928 йилда бўлиб ўтган Олимпиадада австралиялик спортчи (эшкак эшиш) Генри Пирс рўпарасидан сузиб ўтаётган ўрдак оиласини кўриб, ўтиб кетгунча қайиқни тўхтатади. Бундан фойдаланган француз спортчисининг олдинга ўтиб кетишига қарамай, Пирс мусобақада олтин медални қўлга киритади.

Олимпиада олтин медаллари одатда 6 грамм соф олтин қопламадан иборат бўлиб, металлнинг қолган қисми кумушдан иборатдир. Истисно тариқасида 1908 йил Олимпияда ўйинларининг медали бутунлай олтиндан иборат бўлган, унинг вазни 25 грамм, ҳажми диаметри эса фақат 3.3 см бўлган. Солт-Лейк-Сити (АҚШ) Олимпиадаси медаллари 0.567 кг бўлиб, Олимпиада ўйинлар тарихидаги энг оғир медаллар ҳисобланади.

Альбервиле (Франция) шаҳрида 1992 йилда бўлиб ўтган қишки Олимпия ўйинларида 5894 нафар журналист қатнашиб, ҳозирча бу натижа ОАВ вакилларининг иштироки бўйича рекорд сифатида сақланиб турибди.

МОҚ Ахборот-таҳлил департаменти бош мутахассиси Ш.Назаров

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *