Онлайн мусобақага тайёргарлик авжида

Хабар берганимиздек, 28-30 август кунлари оғир атлетика бўйича илк бор “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнири ташкил қилинмоқда. Бугун оғир атлетикачиларимизнинг мазкур мусобақага олиб бораётган тайёргарликларини кўздан кечириш мақсадида терма жамоанинг онлайн машғулоти бўлиб ўтди. Жараённи МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбарияти, МОҚ мутасадди ходимлари кузатиб боришди.

Қайд этиш жоиз, терма жамоа мураббийи Баҳром Мендибоев машғулотда спортчиларимизнинг тайёргарлиги аъло даражада эканлигини таъкидлаб ўтди. Бугунги машғулотларни Б.Мендибоев билан биргаликда қозоғистонлик мутахассис Ержас Болтаев олиб борди. Жараённи кузатар экан, МОҚ раҳбари спортчиларимизга бўлажак мусобақада улкан зафарлар тилаб қолди.

Авваламбор, мураббийлар штаби, федерация вакиллари ва спортчиларимизга мана шундай шароитда ҳам қизғин машғулот олиб бораётганлари учун раҳмат айтаман. Халқаро федерация ўтказган дастлабки мусобақада баъзи мамлакатлар ўзларининг юқори спорт формасини намойиш этган эди. Биз ҳам нималарга қодир эканлигимизни кўрсатишимиз лозим. Биз Сизларга ишонамиз”, – деди МОҚ раҳбари.

Тадбир сўнгида Ержас Болтаев спортчиларимизнинг тайёргарлиги ҳақида маълумот берар экан, аввалги онлайн мусобақага нисбатан бу турнирда рақобатнинг юқори бўлиши, кучли спортчилар иштирок этишини ҳисобга олиб, шунга яраша тайёргарлик олиб борилаётгани ва мусобақа бошлангунга қадар спортчиларимиз оптимал формага кириб олишлари ҳақида маълумот берди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *