Онлайн Республика мусобақасида энг кучли пара пауэрлифтингчилар аниқланди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб Республика мусобақалар ўтказиб келмоқда. Ана шундай мусобақалардан бири кеча пара пауэрлифтинг бўйича бўлиб ўтди.

Ушбу мусобақада Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Наманган, Хоразм, Сурхандарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақолпоғистон Республикасидан спортчилар иштирок этишди.

Дастлаб, аёллар ўртасидаги мусобақалар бўлиб ўтди. Унда 9 та спортчи ўзаро беллашди. Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра Самарқандлик Қудратой Тошпўлатова 105 кг вазнни бўйсудириб, ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни наманганлик Камола Ибрагимова эгаллади. У 75 кг тошни кўтарди. Учинчи ўрин ҳам наманганлик спортчига насиб этди. Аниқроғи, 55 кг натижани қайд этган Озода Олимова совриндорлар қаторидан жой олди.

Эркаклар ўртасидаги беллашувларда жами 17 нафар пауэрлифтингчи кураш олиб борди. Унда 205 кг натижа билан Қорақолпоғистон Республикаси вакили  Искандар Турсунбоев 1-ўринни эгаллади. 2-ўринни хоразмлик Рустам Бобожонов ва 3-ўрин қашқадарёлик Яшин Олтиев эгаллади.

Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *