Осиёнинг йирик комплекс мусобақаларига тайёргарлик қандай кетмоқда?

Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) спорт қўмитаси онлайн учрашув ўтказди. Унда ООК шафелигида ўтказиладиган йирик спорт мусобақаларига тайёргарлик масалалари муҳокама этилди.

2021 йилда Осиё Олимпия кенгаши қитъамизда 3 та йирик турнир ўтказади. Улар – апрель ойида Хитойнинг Санье шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё соҳил ўйинлари, май ойида Таиланднинг Бангкок ва Чонбури шаҳарларида Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, ноябрь ойида Хитойнинг Шаньтоу шаҳрида учинчи ўсмирлар Осиё ўйинларидир. 2022 йилнинг апрель ойида эса Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида XIX Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.

Мазкур йиғилишда ўйинлар Ташкилий қўмиталарнинг вакиллари бўлажак мусобақаларнинг спорт дастурларини, беллашувлар ўтадиган объектларнинг тайёргарлиги, мусобақаларни бошқариш ва ўтказиш режалари бўйича тақдимот ўтказишди.

Санье шаҳридаги олтинчи Осиё соҳил ўйинлари 2020 йил ноябрь ойида бўлиб ўтиши режаланган эди. Бироқ COVID-19 пандемияси сабабли 2021 йилнинг 2-10 апрелига кўчирилди. Унда иштирок этиш учун 43 миллий Олимпия қўмиталарининг 3173 нафар атлети (1923 эркак ва 1250 аёл) спортнинг 17 тури бўйича беллашиш учун рўйхатдан ўтганлар.

Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари 2021 йилнинг 21-30 май кунлари Бангкок шаҳри ва Чонбури провинциясида ўтказилади. Мусобақада атлетлар спортнинг 29 турида беллашишади. Шунингдек, Ўйинларда 290 та старт, спортнинг икки тури, шу жумладан текбол бўйича синов мусобақалар ўтказилиши кўзда тутилган.

2021 йилнинг 20-28 ноябрида Хитойнинг Гуандун провинцияси, Шаньтоу шаҳрида учинчи Осиё ўсмирлар ўйинлари бўлиб ўтади.

Осиё Олимпия кенгашининг вице-президенти Сун Люзен онлайн учрашувни якунлар экан, Осиё ва бутун дунёда спортни ривожлантиришга хизмат қиладиган ушбу Ўйинларга муваффақиятли тайёргарлик кўрилаётганлигини таъкидлади. Ташкилий қўмиталарнинг тақдимотлари натижасида ушбу муҳим мусобақаларга тайёргарлик тўғрисида аниқ тасаввур ҳосил бўлди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *