ОТБ тез орада Ўзбекистонга 700та ўпка сунъий вентиляцияси аппаратини етказиб беради

Осиё тараққиёт банки пандемияга қарши курашда ҳукуматга кўмак беришда давом этиб, тиббий анжом ва ускуналар тўла навбатдаги юкни Ўзбекистонга тақдим этди. Бу ҳақда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Kun.uz’га маълумот берди.

Фото: Осиё тараққиёт банки

24 июль куни ЮНИСEФ орқали сотиб олинган 20та кислород концентраторлари Ўзбекистонга келтирилди. Бундан ташқари, Швейцария компанияси билан 19,5 миллион долларга тузилган иккита шартнома доирасида, биринчи 100та ўпка сунъий вентиляцияси аппарати17 июль куни Тошкентга етказиб берилди. Келгуси ҳафталарда яна 700та шундай аппарат келтирилади.

Эслатиб ўтамиз, 1,56 миллион АҚШ доллари миқдорида ОТБ томонидан молиялаштирилган COVID-19 синовлари учун лаборатория жиҳозларининг аввалги тўплами 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Санитария ва эпидемиология осойишталиги агентлигига топширилган эди.

– Ушбу ускуна даҳшатли касалликдан азият чеккан инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради, – деди ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Синди Малвичини. – Бу ердаги вазият ҳали ҳам қийин. Биз мамлакатни ҳаётий зарур ускуналар билан таъминлаш учун астойдил ҳаракат қиламиз ва ушбу оғир дамларда Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Аввалроқ ОТБ ва Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш учун 500 миллион доллар миқдорида кредит тақдим этиш тўғрисида битим имзолаган эди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *