Охирлаб бораётган 2019 йил якуни – Парадзюдо

Ушбу йилда пара-дзюдо бўйича қўлга киритилган натижалар ва муҳим воқейликлар ҳақида қисқача маълумот берамиз.

9-16 май | IBSA Баку Гранд Приси. Баку шаҳри
Oзарбайжоннинг Баку шаҳрида бўлиб ўтган Гран при мусобакаси терма жамоамиз учун муваффақиятли ўтди. Терма жамоамиз вакиллари ушбу мусобака давомида 4 та олтин хамда 4 та бронза медалларини қўлга киритдилар.

Эркаклар ўртасида кечган баҳсларда, Саидов Феруз, Кароматов Давурхон ва Шарипов Ширин барча рақибларини мағлуб этган ҳолда, фахрли 1-ўринни эгалладилар.

Нафиса Шерипбоева эса аёллар ўртасида бўлиб ўтган беллашувларда олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Лобар Хуррамова, Севинч Салаева, Парвина Самандарова ҳамда Васила Алибоева жами 4 та бронза медалларини Ўзбекистон хисобига қўшиб қўйдилар.

6-8 сентябрь | Осиё ва Океания чемпионати. Атирау шаҳри
Ўзбекистонлик парадзюдочилар Атирау шаҳри мезбонлик қилган Осиё ва Океания чемпионатида 7 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан умум жамоа ҳисобида 1-ўринга эга чиқдилар.

Уч кун давом этган беллашувларда Шерзод Намозов, Давурхон Кароматов, Шариф Ҳалилов, Ширин Шарипов, Севинч Салаева, Парвина Самандарова ҳамда Васила Алибоева шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди.

Финалгача бўлган йўлни муваффақиятли босиб ўтган Шухрат Бобоев, Лобар Хуррамова ва Нафиса Шерипбаевадан омад бироз юз ўгирди ва улар мусобақанинг кумуш медали соҳибига айландилар. Феруз Саидов эса бронза медали билан тақдирланди.

23-24 сентябрь | IBSA Тошкент Гран-приси, Тошкент шаҳри
Тошкент шаҳрида ўтказилган IBSA гран-присида 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритди.

Пойтахтимиз мезбонлик қилган ушбу мусобақада ҳамюртларимиз Учқун Қуронбоев, Довурхон Кароматов, Парвина Самандарова ва Нафиса Шериповага тенг келадигани топилмади ва улар ўз вазн тоифаларида олтин медалларга сазовор бўлдилар.

Шерзод Намозов, Ширин Шарипов ҳамда Васила Алибоева Гран-прини кумуш медаллар билан якунлаган бўлсалар, Жалолиддин Авазов ва Сулаймон Алаев бронза медалларга эга чиқдилар.

Умумий ҳисобда…
Якунига етаётган 2019 йилда парадзюдочиларимиз халқаро мусобақаларда 15 та олтин, 6 та кумуш ва 7 та бронза медаллари билан тақдирландилар. Халқаро кўзи ожизлар спорт федерацияси (IBSA) томонидан сўнгги Жаҳон рейтингига кўра 8 нафар парадзюдочимиз Токио-2020 га йўлланма олиш арафасида турибди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *