Оғир атлетика бўйича “Мустақиллик кубоги”да рекордлар қайд этилиб, медаллар тақдим қилинадими?

Хабарингиз бор, 28-30 август кунлари мамлакатимиз ташаббуси билан оғир атлетика бўйича илк бор “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнири ташкил қилинади. Пандемия даврида ўтказилаётган ушбу мусобақа бошқа мамлакат вакилларида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Шу боис дунёнинг 40 га яқин мамлакатидан 150 нафар спортчидан унда иштирок этиш учун буюртмалар келиб тушди. Бугун ZOOM платформасида мазкур мусобақага бағишланган онлайн матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди. Кириш қисмида МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов Мустақиллик байрами муносабати билан спорт турлари бўйича ўтказилаётган онлайн мусобақалар ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг Шаҳрулло Маҳмудов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Агар мусобақада турли тоифалардаги рекордларга гувоҳ бўладиган бўлсак, бу расман қайд этиладими?
Бу борада биз Халқаро оғир атлетика федерацияси билан келишувга эришганмиз. Агар рекордчи мусобақадан кейин допинг таҳлилини топширадиган бўлса, натижа расман қайд этилади. Биз бу масала юзасидан Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. ЎзМАДА вакиллари мусобақадан сўнг спортчиларимиздан допинг таҳлилларини олишади.
Баҳслар мобайнида техника билан қандайдир кўнгилсиз ҳодисалар юзага келиши мумкин. Бу ҳол рўй бермаслиги учун қандай чоралар кўрилган?
Бу борада барча чоралар кўрилган. Спортчиларимиз иштирок этадиган ҳудудга қўшимча ускуналар, юқори тезликдаги Wi-Fi тармоқлари ўрнатилди. Биз бу мусобақада ташкилотчимиз, бизда тармоқ ва унинг сифати юқори бўлиши керак. Қолаверса, Халқаро оғир атлетика федерацияси билан ҳамкорликда қўшимча техникалар ҳам жалб қилинган.

Савол-жавоб орасида Шаҳрулло Маҳмудов мусобақага кўрилган тайёргарлик ҳақида айтиб берди.

Карантин ҳолатида бўлишига қарамасдан спортчиларимизни руҳан, маънан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик. Карантин қоидаларга риоя қилиб, узлуксиз машғулотларни олиб бордик. Улар беллашувларни соғинишди. Айрим вазнларда принципиал рақибларимиз бор. Агар улардан устун кела олсак, эртага ўзимизга бўлган ишонч янада ортади. Бу билан халқимизга чиройли байрам қилиб бермоқчимиз. Жисмоний тарбия ва спорт университетига монитор ўрнатилган. Бунда ташқарида истаган одам ёки шу атрофдаги аҳоли беллашувларни томоша қилиб туришлари мумкин”, – деди Шаҳрулло Маҳмудов.

Ўз навбатида, “Спорт” телеканали директори Зоҳид Каримов беллашувлар трансялциясига алоҳида тўхталиб ўтди.

Биз ҳам халқаро федерация билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Беллашувларнинг аксарият қисми жонли эфирга қўйилган. Бу борада муаммо йўқ, деб ўйлайман. Бундай мусобақаларни олиб кўрсатиш биз учун ҳам катта тажриба бўлади”, – деди Зоҳид каримов.

Қолаверса, таниқли полвонимиз Адҳамжон Эргашев спортчилар номидан мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик ҳақида гапирди:

Бу мусобақага катта тайёргарлик олиб бормоқдамиз. Мусобақага яқин спорт формамиз ҳам яхши даражага етди. Насиб қилса, жамоадошларим билан ғалабаларимиз орқали хақлимизни хушнуд қиламиз”.

Мусобақа якунлангач ғолиб ва совриндорларга медаллар топшириш қандай ўтказилади? Ғолиб спортчи номига унинг давлат мадҳияси янграйдими?
Мусобақада ғолиблар икки кураш натижасига кўра аниқланиб, даст ва силтаб кўтариш бўйича расман ажратилмайди. Ғолиб ва совриндорлар учун рамзий равишда уларнинг суратлари экрандаги шоҳсупага жойлаштирилади ва рамзий медаллар тасвирланади. Ғолиб спортчи номига эса унинг давлат мадҳияси янграйди.

Тадбир якунида МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди:

Ассалому алейкум, ҳурматли конференция иштирокчилари. Сизларни мана шу тадбиримизда кўриб хурсанд бўлдим. Ҳозирда спортимиз тўхтаб қолгани йўқ. Барча онлайн бўлса ҳам машғулотларни давом эттирмоқда. Айни кунларда Мустақиллигимиз байрами муносабати билан стол тенниси, камондан отиш, Паралимпия турлари ва бошқа йўналишлар бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси тест режимида олиб борилмоқда. Асосий мақсадимиз – барчани соғлом турмуш тарзига жалб қилиш. Бундай тадбирларимиз спорт мухлисларига мотивация бўлиши керак”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақада терма жамоамизнинг етакчи 8 нафар спортчилари ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *