Оғир атлетика бўйича “Мустақиллик кубоги”нинг расмий очилиш маросими ўтказилди

Бироз аввал мамлакатимиз ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн мусобақасининг очилиш маросимининг расмий қисми бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Халқаро оғир атлетика федерациясининг амалдаги президенти Урсула Папандреа ҳам иштирок этиб, онлайн видео алоқада ўз фикрларини билдириб ўтди.

Хайрли кун, қадрли хонимлар ва жаноблар. Биринчи расмий халқаро мусобақада иштирок этаётганингиздан мамнунман. Мана шундай қийин ва мураккаб вақтда ҳам биргаликда ишлаяпмиз. Ўзбекистон ҳукумати, МОҚ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, мамлакат миллий федерациясига ташаббус кўрсатиб, шундай турнир ташкил қилаётгани учун раҳмат айтиб қоламиз. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда спортни тараққий этишида катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклайман”, – деди Урсула Папандреа.

Шунингдек, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам мусобақа бўлиб ўтаётган жойга ташриф буюриб, барча иштирокчиларга ўз фикрларини билдириб ўтди.

Ассалому алейкум, ҳурматли мусобақа иштирокчилари. Барчангизни мамлакатимиз ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу турнирда кўриб турганимиздан мамнунмиз. Мана шундай эпидемиологик вазиятда бўлсак ҳам муҳтарам Президентимиз бошчилигида ҳукуматимиз спортчиларимизни доимо қўллаб келди, уларнинг уй шароитида шуғулланиши учун тайёргарлик яратиб берилди. Ҳукуматимиз ушбу ташаббусимизни қўллаб-қувватлади ва мусобақанинг юқори савияда ташкил қилинишида катта ёрдам берди. Биз биргаликда шундай ажойиб мусобақалар ташкил қилиш орқали спортчиларимизга улар соғинган ғалаба нашидасини беришимиз мумкин. Мусобақа иштирокчиларига омад тилаб қоламан”, – деди Ойбек Касимов

Шунингдек, очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда мана шундай эпидемиологик даврда спорт ривожига қаратилаётган эътибор, ўзбек оғир атлетикачиларининг Мустақиллигимиз даврида эришган ютуқлари ва мусобақанинг аҳамияти ҳақида таъкидлаб ўтди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *