Оғир атлетика бўйича “Мустақиллик кубоги” онлайн халқаро турнири старт олишига 1 ҳафта қолди

Бутун дунёда эпидемиологик вазият ҳукмрон бўлиб турган бир вақтда мамлакатимиз дунё спорти жамоатчилиги учун ажойиб ғояни илгари сурди. 28-30 август кунлари Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида оғир атлетика бўйича “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнири бўлиб ўтади.

ZOOM платформасида ташкил қилинадиган мазкур мусобақада дунёнинг 32 мамлакатидан 150 нафарга яқин полвонлар ғолиблик учун баҳс олиб боришади. Улар орасида Олимпиада ва жаҳон чемпионлари Зулфия Чиншанло (Қозоғистон), Луис Москера (Колумбия), Ли Веньвень (Хитой) каби номларни кўриш мусобақага бўлган қизиқишнинг не чоғлик улкан эканини кўрсатиб турибди. Ўз навбатида, Адҳамжон Эргашев, Акбар Жўраев, Муаттар Набиева каби номдор вакилларимиз ҳам ўз вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Таъкидлаш жоиз, ZOOM платформасида ўтадиган беллашувларни “Спорт” телеканали орқали жонли эфирда намойиш этиш режалаштирилмоқда. Умид қиламизки, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида оғир атлетикачиларимиз ўз ғалабалари билан халқимизни яна бир карра хушнуд этишади.

Барчангизни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Касаба уюшмалари ва Ўзбекистон оғир атлетика федерациялари томонидан ташкил қилинаётган мазкур беллашувни томоша қилишга ва вакилларимизни қўллаб-қувватлашга чорлаб қоламиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *