Оғир атлетика бўйича Халқаро онлайн турнирнинг “Спорт” телеканалидаги трансляцияси муҳокама қилинди

Хабар берганимиздек, 28-30 август кунлари оғир атлетика бўйича илк “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кубоги” онлайн халқаро турнири ташкил қилинмоқда. Бугун халқаро ташкилотлар томонидан катта қизиқишга сабаб бўлаётган мазкур тадбирнинг ташкилий масалалари муҳокама қилинди.

ZOOM платформаси орқали ўтказилган тадбирда Халқаро оғир атлетика федерацияси вице-президентлари Нико Влад ҳамда Хосе Куэнёс, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, IWF Ижроия қўмитаси аъзоси Шаҳрулло Маҳмудов ва федерациянинг мутасадди вакиллари, шунингдек, ЎзМТРКнинг “Спорт” телеканали директори Зоҳид Каримов бошчилигидаги телеканал мутахассислари иштирок этишди. Таъкидлаш жоиз, бугунги тадбирда бўлажак мусобақани “Спорт” телеканалида трансляция қилиб бориш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўз навбатида, телеканал раҳбари бундай ташаббусни бажонидил қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.

Бугунги учрашув давомида мусобақада қайси мамлакат вакиллари ариза топширгани, буюртмаларга қараб вазн тоифаларини шакллантириш, ҳакамлик ва техник масалалар бўйича ҳам муҳокама олиб борилди.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил қилинадиган бўлажак мусобақада 40 га яқин мамлакат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *