Парадзюдо. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бугундан ўқув-машғулот йиғинини бошлашди

Кириб келган янги 2020 йил Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси учун ўта масъулиятли йил ҳисобланади. Буни ҳар томонлама яхши англаб турган Парадзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бўлажак нуфузли мусобақалар учун пухта тайёргарлик кўришни бошлаб юборишди.

Терма жамоамиз аъзолари бугундан пойтахтимиздаги Дзюдо спорт мажмуасида ўқув-машғулот йиғинига киришди. Ушбу йиғинда бош мураббий Шамсиддин Саидов қўл остида жами 15 та спортчи иштирок этмоқда. Шулардан 9 нафари эркаклар, 6 нафари эса аёллардир.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси март ойида парадзюдочиларимиз учун Паралимпия ўйинларига мезбонлик қиладиган Токио шаҳрида ўқув-машғулот йиғини ташкил этишни режалаштирган. Ушбу ўқув-машғулот йиғинлари спортчиларимизни Ноттингем (Англия) ва Бакуда (Озарбайжон) бўлиб ўтадиган Халқаро Гран-при турнирида муносиб иштирок этишларида муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди. Ушбу икки мусобақа ёзги Паралимпия ўйинлари йўлланмаси учун керакли рейтинг очколарини тақдим этиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *