Паралимпия ассоциациясида Навоийхонлик кечаси бўлиб ўтди

Улуғ аждодимиз, сўз мулкининг султони, давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясида Навоийхонлик кечаси ўтказилди.

Маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Дилшод Ражабов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, маънавият тарғиботчиси Дилором Бобожонова, ассоциациянинг меҳнат жамоаси, спортчилар ва тренерлар иштирок этди.  Кечани Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Шарифжон Моминджанов олиб борди. Ш.Моминджанов тадбир аввалида Мустақилликнинг дастлабки йилларидан миллий ўзлигимизни англаш, буюк аждодларимиз номини тиклаш, маънавий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилгани, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда китобхонлик маданияти муҳим воқеликка айланаётганини, Мир Алишер Навоий бобомизнинг тенгсиз маънавий мероси бугунги ёшлар ва келажак авлодлар учун ҳам ҳаёт мактаби бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, сўз олган шоир Д.Ражабов Мир Алишер Навоий бобомизнинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва бетакрор ижоди ҳақида йиғилганларга яна бир бор гапириб берди.

“Барчамиз мактабдаёқ анча-мунча билимларга эга бўлганмиз. Энди ҳар куни ана шу бебаҳо маънавий хазинадан баҳраманд бўлиб яшаяпмиз. Китобхон деганда, кўз ўнгимизда энг аввало Алишер Навоий бобомиз асарларини теран нигоҳ билан мутолаа қилишаётган ёшлар намоён бўлади. Буюк шоирнинг бебаҳо ўгитлари ёш авлодда юксак маънавият, ватанпарварлик, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни шакллантиришда ғоят муҳим ўрин тутишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу бетакрор асарлар орқали эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби олижаноб фазилатлар моҳиятини теранроқ англаймиз. Ҳазратнинг “Хамса”, “Мажолис ун-нафоис”, “Mуҳокамату-л-луғатайн” каби асарларини қўлдан қўймай ўқимоқ, мазмун-моҳиятини теран англамоқ даркор. Улуғ шоир бутун умр халққа хизмат қилиб, барча асарларида эзгу ғояларни тарғиб этган”, – деди Д.Ражабов.

“Дарҳақиқат, мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, умри давомида бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида шахсий ибрат кўрсатганини англаймиз. Мир Алишер Навоий асарларида эл-улус хизматида бўлишдек шарафли касбнинг аҳамияти, халқ манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги, вафо, садоқат каби туйғулар поклиги таърифланган. Бу каби эзгу ғояларни изчил ўрганиш, ёшларимизнинг онгу шуурига чуқур сингдириш оқил ва билимли мутахассисларни, комил инсонларни вояга етказишда муҳим омил бўлади.

Айтиш жоизки, она Ватанимиз Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи йили мамлакатимизда – Алишер Навоий йили, деб эълон қилингани замирида улкан маъно мужассамдир. Миллий мустақиллик учун кураш бошланган даврда бу буюк аждодимиз биз учун миллат, миллийлик, ўзлик деган улуғвор тушунчаларнинг ёрқин юлдузи эди”, – деди профессор Д.Бобожонова.

Билдирилган илиқ фикрлардан сўнг Навоийхонлик кечаси буюк бобомизнинг ёзган энг сара ғазал ва рубоийлари ила давом этди. Жумладан, ассоциация ходимлари ва спортчилар Навоий бобомиз қаламига мансуб бир-биридан гўзал шеърий сатрларни ёддан ифодали айтиб беришди.

Таъкидлаш керакки, Навоийхонлик кечаси шу куни нафақат Паралимпия ассоциациясида, балки, ассоциация тизимидаги барча спорт турлари бўйича терма жамоаларда ҳам ўтказилди. Жумладан, ҳозирда ўқув-машғулот йиғинлари олиб бораётган пара таэквондо, пара стол тенниси, пара сузиш, пара каноэ ва пара академик эшкак эшиш спорт турлари аъзолари иштирокида ҳам Навоийхонлик кечаси бўлиб ўтди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *