Паралимпия ассоциацияси Паралимпия қўмитасига айлантирилди

Жорий йилнинг 18 май куни Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Шу муносабат билан 25 май куни Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасининг Бош Ассамблея йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Паралимпия қўмитаси раҳбарияти, ходимлари, тренерлари, спортчилари ва қўмитанинг вилоят бўлимлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқларга алоҳида тўхталиб, бу жараёнда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг хизматларини алоҳида эътироф этди.

Шу билан бирга соҳа ривожида бир қатор муаммолар тўпланиб қолгани, уларни бартараф этишда яқинда имзоланган “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Бош Ассамблеяси ўз ишини бошлади. Уни ассоциация раисининг ўринбосари Шариф Мўминжонов олиб борди.

Бош Ассамблея кун тартибига 3та масала киритилган эди. Булар:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5114-сонли қарори асосида Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасини ташкил этиш;

2. Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасининг Низомини тасдиқлаш;

3. Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раҳбариятини сайлаш.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Президент қарори билан мамлакатимизда Паралимпия ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган. Бу борада бир қатор ишлар амалга оширилиши ҳам қарорда белгилаб қўйилган. Жумладан:

– барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда иқтидорга эга бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишни таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш;

– паралимпия спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш;

– жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш, жисмоний ва ижтимоий мослашуви интеграциясини дастурий-услубий таъминлаш;

– Спорт таълим муассасаларида (шу жумладан, олий таълим муассасаларида) фаолият юритаётган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини кучайтириш;

– паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Паралимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш;

– Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Паралимпия факультети ҳамда Паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтини ҳам ташкил қилиш каби масалалар ҳам қарорда ўз ифодасини топган

Янги ташкил этилаётган Миллий Паралимпия қўмитасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

• паралимпия спорт турларини оммавийлаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

• ёзги ва қишки паралимпия спорт турларини ривожлантиришга кўмаклашиш, спорт объектлари ва иншоотларининг концепциялари, техник топшириқлари, техник-иқтисодий асослари/параметрлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

• паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва касбий ривожлантиришнинг замонавий ва самарали тизимини жорий этиш;

• республикада ёки бошқа халқаро спорт федерациялари (ассоциациялари) ва бошқа ташкилотларида ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш, ўз аъзоларини ахборот, илмий-услубий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

• паралимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича клублар фаолиятини ташкиллаштириш ва самарали бошқариш, миллий ва халқаро спорт ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш.

Бош Ассамблея йиғилишида “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасини ташкил этиш таклифи маъқулланди.

Шунингдек, Миллий Паралимпия қўмитасининг Низоми лойиҳаси ҳам делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Ниҳоят, кун тартибидаги асосий масала, Миллий Паралимпия қўмитаси раҳбариятини сайлаш масаласида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов сўз олиб, ушбу лавозимга шу кунга қадар Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси сифатида фаолият олиб борган Мухторхон Мақсудович Ташходжаев номзодини илгари сурди.

Рио-2016 Паралимпия ўйинлари ҳамда Жакарта-2018 (Индонезия) ПараОсиё ўйинларида юртимиз параатлетлари томонидан қўлга киритилган муваффақиятлар замирида ҳам Мухторхон Махсудовичнинг хизматлари беқиёс бўлганлиги эътироф этилди.

Бош Ассамблеяга таклиф этилган делегатлар бир овоздан М.Ташходжаев номзодини Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси этиб сайлашди.

Шунинг билан Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси Бош Ассамблеяси ўз ишини якунлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *