Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев Саудия Арабистони шаҳзодаси бошчилигидаги делегация билан учрашди

“Киддия” – нафақат Осиё, балки жаҳон спорти оламига катта ҳайқириқ билан кириб келаётган мегалойиҳа бўлиб, Саудия Арабистонида спорт ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳа давлатнинг 2030 йилгача ривожланиш стратегиясида ўрин олган. Бу орқали Саудия Арабистони 2030 йилги ёзги Осиё ўйинларини қабул қилишни мақсад қилган. Лойиҳа қурилиши 2019 йилда бошланган бўлиб, 2023 йил якунига етиши мўлжалланган. Бу каби қизиқарли маълумотлар 2030 йилги Осиё ўйинларини қабул қилишни мақсад қилган Саудия Арабистони Олимпия қўмитаси ва спорт вазирлиги вакиллари билан учрашувда тақдим қилинди.

Бугун 2030 йилги Осиё ўйинларини қабул қилиш режалари бўйича Саудия Арабистони вакиллари мамлакатимизга ташриф буюрди. Делегацияга Қироллик шаҳзодаси, мамлакат спорт вазири ва Олимпия қўмитаси раиси, Ар-Риёд-2030 лойиҳаси раҳбари Шаҳзода Абдулазиз бин Туркий Ал Файсал раҳбарлик қилди. Мартабали меҳмонларни Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев ва бошқа мутасадди раҳбарлар кутиб олишди. Учрашувда саудиялик меҳмонлар бўлажак мусобақа мезбонлиги ва режалари ҳақида атрофлича маълумот беришди.

“Аввало, кўрсатилган меҳмондўстлик учун катта ташаккур изҳор қилиб қоламиз. Бу Ўзбекистонга биринчи ташрифимиз. Ишонамизки, бундан кейин спорт соҳасидаги ҳамкорлигимиз янада янги босқичга кўтарилажак. Бизнинг муҳтарам Қиролимиз ҳам 2030 йилги Осиё ўйинларини қабул қилиш масаласига катта аҳамият бермоқда. Бўлажак мусобақа мезбонлиги Саудия Арабистонига берилмаган тақдирда ҳам “Киддия” лойиҳаси асло тўхтаб қолмайди ва у мамлакатимиз аҳолиси учун соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилади. Ўзбекистон спорт соҳасида катта ютуқларга эришиб келаётган давлатлардан. Спортчиларимизнинг маҳоратини оширишда бу каби давлатлар тажрибаси бизга асқотади”, – деди Шаҳзода Ал Файсал.

Тақдимот давомида Саудия Арабистонининг спорт соҳасига улкан эътибор қаратаётгани, хусусан, мамлакатда хотин-қизлар спортини ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият берилаётгани таъкидланди. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда ушбу мамлакат катта-катта спорт тадбирларига мезбонлик қила бошлади. Кўплаб соҳалар қатори спорт ортидан ҳам хорижлик меҳмонлар учун мамлакатга кириш бир мунча осонлашди. “Формула-1” бўйича Жаҳон кубоги босқичларидан бири, теннис бўйича АТР таснифидаги йирик турнирлар ўтказилиши юқоридаги фикрларнинг айни исботидир.

Суҳбат давомида МОҚ раиси ҳам тақдимот борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ўзбекистонда Сизни қарши олиш биз учун шараф. Ҳеч шубҳа йўқки, Саудия Арабистони Осиё ўйинларини юқори савияда қабул қила олади. Давлатларимиз раҳбарлари олиб бораётган дўстона алоқаларни биз спорт соҳасида ҳам давом эттирсак, бу биз учун фойдали. Мамлакатимиз Рио-2016 Олимпия ўйинларида умумжамоа ҳисобида 21-ўринни эгаллаган. Бу муҳтарам Президентимизнинг спортни ривожлантиришга қаратган эътиборлари самараси биландир. Келажакда ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш, спортчиларимизнинг тажрибаларини орттириш учун фойдали дастурлар ишлаб чиқамиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Тақдимот якунида қатнашчилар лойиҳа борасида ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди ва у атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шундан сўнг Мухторхон Ташходжаев мартабали меҳмонларга Паралимпия ассоциациясининг эсдалик совғаларини топширди.

Эслатиб ўтамиз, 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун Доха ҳамда Ар-Риёд шаҳарлари рақобат олиб боришмоқда.

Манба: МОҚ матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *