Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев Қатар делегацияси билан учрашди

Бугун Жассим Рашид Ал Буэнайн бошчилигидаги Қатар Олимпия қўмитасининг катта делегацияси юртимизга ташриф буюрди. Таъкидлаш керакки, ушбу мамлакат 2030 йилги ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилишга даъвогарлардан бири ҳисобланади.

Нуфузли меҳмонлар сафар давомида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюришди. Делегацияни Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚнинг мутасадди раҳбарлари ва Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев кутиб олишди. Учрашув давомида қатарлик меҳмонлар 2030 йилги Осиё ўйинларини қабул қилиш бўйича режалари билан ўртоқлашиб, бу борада тақдимотларини ҳам намойиш қилишди.

 “Тиғиз вақтингизга қарамай бизни қабул қилганингиз учун ташаккур. Дарҳақиқат, мамлакатларимиз чуқур дўстона ва илиқ муносабатларга эга. Давлатимиз раҳбари Шайх Ал Тани жанобларининг шахсан ўзлари бизнинг бугунги ташрифимиз ташаббускори бўладилар. Мақсадимиз Ўзбекистондек спорт соҳасида илғор давлатлар билан режамиз ҳақида ўртоқлашиш ва бу борада уларнинг таклифларини ўрганишдир. Қатар ушбу Осиё ўйинлари орқали Осиёнинг барча мамлакатларини бирлаштириш ниятида ва бунга муносиб тайёргарлик кўрмоқчимиз”, – деди Осиё ўйинлари-2030 Ижрочи директори ҳисобланган Жассим Рашид Ал Буэнайн.

Қатар ушбу мусобақани ўзида қабул қилар экан, беллашувларни ўтказишда йирик спорт комплексларидан кластер усулида фойдаланишни режа қилган. Мусобақалар 15 кун ичида 39 иншоотда, 59 спорт тури бўйича ўтиши кутилмоқда. Спортчи ва делегатларга қулайлик яратиш мақсадида транспорт тизимидаги лойиҳа эътиборга лойиқ. Унга кўра, атлетлар шаҳарчасидан энг олис спорт мажмуасига узоғи 20 дақиқа ичида етиб бориш мумкин. Шунингдек, тақдимот давомида мусобақа атрофида ўтказиладиган бошқа расмий учрашувлар, маданий тадбирлар ҳақида батафсил айтиб ўтилди. Шундан сўнг тақдимот бўйича савол-жавоблар бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев тақдимот давомида Пара Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича маълумот берилмагани сабаб Қатар делегацияси аъзоларидан ушбу мусобақани ҳам Осиё ўйинлари билан бирга ўтказиш режалари бор ёки йўқлиги ҳақида савол билан мурожаат қилди.

Делегация раҳбари Жассим Рашид Ал Буэнайн эса ушбу саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

Биз Халқаро Паралимпия қўмитаси (ХОҚ) билан бу борада боғланганмиз. Насиб бўлса Осиё ўйинлари билан бир қаторда Пара Осиё ўйинларини ҳам ўтказишни режалаштирганмиз. Бу борадаги музокараларимиз ижобий якунланиш арафасида”.

Учрашувда МОҚ раиси қатарлик ҳамкасбларининг ташрифидан миннатдор эканлигини билдириб, тақдимот ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Шундан сўнг Мухторхон Ташходжаев қатарлик меҳмонларга Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг эсдалик совғаларини топширди.

Эслатиб ўтамиз, Қатар ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш борасида катта тажрибага эга. Ушбу мамлакат 2006 йили XV ёзги Осиё ўйинларини ўзида қабул қилган. Маълумот учун, 2030 йилги мусобақа мезбонлиги учун Доха ва Ар-Риёд шаҳарлари рақобат олиб боришмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *