Паралимпия ассоциацияси раиси спортчилар билан учрашди

Янги 2020 йил Паралимпия спортчилари учун жуда муҳим йил ҳисобланади. Боиси, олдинда Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари ҳамда унга йўлланма берувчи лицензион мусобақалар кутиб турибди.

Бугун Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Тошходжаев пойтахтимиздаги енгил атлетика марказида шуғулланаётган спортчилар билан учрашишди. Улар учрашув давомида спортчиларнинг жисмоний ҳолати, машғулот жараёни ва уларга яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишишди. Бундан ташқари спортчиларнинг тиббий-биологик ва фармокологик таъминоти ҳамда допинг масаласида алоҳида тўхталиб ўтишди.

“Халқаро мусобақаларда иштирок этаётган ҳар бир спортчи авваламбор Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Шундай экан, у ерда келиб чиқадиган допинг билан боғлиқ турли можаролар ватанимиз шаънига катта зарар етказади. Шу сабабли бу каби хатоларга йўл қўйишга ҳеч бир спортчининг ҳаққи йўқ”, – дейди ассоциация раиси Мухторхон Тошходжаев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов ташкилотнинг XXXVI Бош Ассамблеясида допинг масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтган эди:

-Айни пайтда допинг билан боғлиқ масала бутун жаҳон спортида асосий мавзулардан бири бўлиб турибди. Шу ўринда Халқаро анти-допинг агентлиги (WADA) таъқиқлаган препаратлардан сақланишга эътиборингизни қаратишингизни сўраб қоламан. Бу борада муҳтарам Президентимиз ўтган йилнинг 4 сентябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида огоҳлантириб ўтган эдилар. Ҳозирда оғир атлетика федерацияси биринчи бўлиб ички чемпионатида допинг таҳлилларини олиш бўйича ташаббус билан чиқди ва биз буни қўллаб-қувватладик. WADA таъқиқлаган дори воситаларини спортчиларимизга бериб, қўпол қилиб айтганда, мамлакатимизнинг имиджига путур етказманглар.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *