Паралимпия ассоциацияси Ханжоу-2022 ҳамда Париж-2024 га тайёргарлик режаси бўйича тақдимот ўтказди

Бугун Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти олдида Ханчжоу-2022 Пара Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Паралимпия ўйинларига умумий тайёргарлик бўйича тақдимот ўтказди. Тадбирда МОҚ раҳбарияти ва мутахассислари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ходимлари, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти, мутахассислари ва мураббийлари иштирок этди.

Дастлаб, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Ш.Моминджанов карантин даврида ассоциация томонидан амалга оширилган ишлар ҳусусида тўхталиб ўтди. Сўнгра тақдимотга навбат берилди.

Тақдимот икки қисмдан иборат бўлди. Дастлабки қисм Ханжоу-2022 Пара Осиё ўйинларига бағишланди. Иккинчи қисмда эса Париж-2024 Паралимпия ўйинлари режалари кўриб чиқилди.

Ушбу тақдимотларда бўлажак икки йирик мусобақада иштирок этиши режалаштирилаётган спорт турлари, спортчилар сони, қўлга киритилиши кутилаётган медаллар сони, делегация аъзолари сони ҳақида маълумот берилди. Айтиш лозимки, Паралимпия ассоциацияси Ханжоу-2022 ва Париж-2024 да ҳар доимгидан ҳам кўпроқ спортчилар билан иштирок этиш ҳамда кўпроқ медаллар қўлга киритиш учун мавжуд спорт турлари бўйича селекция ишларини янада мукаммал олиб бориш ва янги спорт турларини жорий этиш эвазига эришмоқчи эканини билдирди. Кўзланган режаларни амалга ошириш учун эса спортчиларга фармакологик ва қайта тиклантирувчи воситалар, спорт иншоотлари ҳамда керакли спорт инвентарлари лозим экани айтиб ўтилди.

Тақдимот якунида мамлакатимизда Паралимпия спортини янада оммалаштириш ва ривожлантириш учун ишлаб чиқилган махсус йўл харитаси ҳам тақдим этилди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *