Паралимпия ассоциацияси ходимлари ва тренерлари коронавирусга қарши тест топширди

Бугун Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ходимлари, тренерлари коронавирусга қарши тест топширишди.

Ассоциация ходимлари полимераз занжир реакцияси (ПЗР) йўли орқали тест топширишди. Айтиш лозимки, бу – бугунги кунда вирус инфекциясини ташхислашнинг энг аниқ ва ишончли йўлидир. У инсон биологик материалида вирус РНКсининг жуда кам миқдорини ҳам аниқлаш имконини беради ва касалликни яширин давридаёқ аниқлаб беради.

ПЗР-тест қандай ишлайди?

Ташхис учун физиологик суюқликлардан бир занжирли РНК ажратиб олинади, унинг асосида икки занжирли ДНК шакллантирилади ва махсус фермент полимеразлар ёрдамида кўп марта нусхаланади.

ДНК нусхалари сонининг кўпайтирилиши амплификация деб аталади. Натижада, биологик намунадаги ДНК/РНКнинг аввал бошда минимал бўлган алоҳида қисмлари концентрацияси сезиларли даражада ошади. Тадқиқот мобайнида ДНКнинг тест учун зарур қисми нусхаланади. Албатта, тадқиқ этилаётган биоматериалда ДНК ёки РНКнинг вирусли қисми мавжуд бўлсагина, нусхаланиш амалга ошади.

Коронавирус билан боғлиқ ҳолатда ташхис учун суртма томоқдан ёки бурун бўшлиғидан олинади. Чунки қон ва ахлатда вирус касаллик авж олганидан сўнг пайдо бўлади.

Зарифа Бойтемирова,

Паралимпия ассоциацияси шифокори

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *