Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз иштирокида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди

Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига ҳам тобора оз муддат қолмоқда. Ушбу йирик спорт тадбири ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик шодиёнаси арафасида ўтказилиши, унда қайд этиладиган натижаларнинг нақадар аҳамиятли бўлишини англаш қийин эмас.

Албатта, олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш учун авваламбор спортчиларни руҳлантириш, улар ўртасида она ватанга муҳаббат туйғуларини янада жўш урдириш муҳим аҳамият касб этади. Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси томонидан Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган спортчилар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг йўлга қўйиш режаси ишлаб чиқилди.

Бугун ушбу режага асосан Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясида учрашув бўлиб ўтди. Унда Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Шарифжон Моминджанов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, спорт фахрийси Баҳром Гафуров, Тошкент давлат юридик университети профессори Миродил Баратов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мутахассиси Шахноза Аҳмедова, Пара дзюдо, Пара пауэрлифтинг ва Пара таэквондо спорт турлари бўйича терма жамоа аъзолари иштирок этишди.

Тадбирни Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Шарифжон Моминджанов олиб борди. Дастлаб сўз Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситовга берилди. Узоқ йиллар давомида ўзбек спортида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган тажрибали мутахассис ўз нутқи давомида Паралимпия ўйинлари остонасида турган спортчиларимизга Мустақиллик байрами арафасида юртимизга ёруғ юз билан келишлари, улардан бутун халқимиз кўплаб медаллар ва юқори натижалар кутаётгани ҳақида гапириб, бу йўлда уларга омад тилади.

Сўнгра, спорт фахрийси Баҳром Гафуров муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан спортга янада кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, айниқса,  жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилаётгани ҳақида гапирди. Жорий йилнинг 18 май куни давлат раҳбари томонидан имзоланган “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарор бу борадаги ҳаракатларнинг яққол ифодаси экани ҳам алоҳида тилга олинди. Шундан сўнг сўз олган Тошкет давлат юридик университети профессори Миродил Баратов Ватан туйғуси, унинг нақадар муқаддас экани ҳақида маъруза қилди.

Қизиқарли ва таъсирли руҳда кечган учрашув шу тариқа ўз ниҳоясига етди. Тадбир якунида бундай учрашувларни белгиланган режа асосида тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *