Пара академик эшкак эшиш ва пара каноэ спортчилари билан давра суҳбати ўтказилди

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси барчамизни янада фаолликка чорлади. Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш борасида кўплаб истиқболли дастурлар, чора-тадбир ва режалар аниқ белгилаб берилди. Шунигдек, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу Мурожаатноманинг мазмун моҳиятини янада кенг ва чуқурроқ очиб бериш мақсадида Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти томонидан паралимпия спортчилари иштирокида давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда. Ана шундай давра суҳбатларидан бири бугун Туябўғиз сув омборида ўқув-машғулот йиғини ўтказаётган Пара каноэ ҳамда Пара академик эшкак эшиш спорт турлари бўйича терма жамоа аъзолари иштирокида ўтказилди. Унда Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти ва Миллий Олимпия қўмитасининг тезкор штаби аъзолари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида Президентимизнинг Мурожаатномасида илгари сурилган асосий вазифалар, айниқса ёшлар масалалари ҳақида кўпроқ тушунча берилди. Шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшлар ўртасида спортни оммавийлаштириш масалалари алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, спортчилар жисмонан бақувват, шунинг билан биргаликда илмли, билимли ва иймон-эътиқодли бўлишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Давра суҳбатида сўз олган паралимпия спортчилари эса ушбу Мурожаатнома уларга қўшимча куч ва илҳом бағишлаётганини айтиб, яратиб берилаётган имкониятлардан тўғри ва самарали фойдаланган ҳолда ўз ғалабалари билан юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга ваъда бердилар.

Шунингдек, самимий руҳда кечган давра суҳбатида спортчиларимизнинг Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёни бўйича билдирган таклифлари тингланди. Келажакда бундай давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказилишига келишиб олинди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *