Пара енгил атлетика бўйича 2024 йилгача бўлган мусобақалар тақвими тасдиқланди

Бугун Халқаро паралимпия қўмитасида пара енгил атлетика спорт тури бўйича онлайн видеоконференция бўлиб ўтди. Унда пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош тренери Сардор Абдуҳолиқов ҳам иштирок этди.

Йиғилишнинг асосий қисмида пара енгил атлетика бўйича 2024 йилгача бўлган мусобақалар тақвими муҳокама қилинди ва тасдиқланди. Шунингдек, Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларининг келгуси йилга қолдирилиши сабаб 2021 йил Япониянинг Кобе шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон чемпионати ва 2021 йил ўтказилиши лозим бўлган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати беллашувлари 2022 йилга қолдирилгани эълон қилинди.

Таъкидлаш керакки, Жаҳон чемпионатининг 2022 йилга қолдирилиши ўзбекистонлик пара енгил атлетикачилар зиммасига янада кўпроқ куч ва масъулият юклайди. Боиси, 2022 йилда Хитойнинг Ханжоу шаҳрида навбатдаги Пара Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Жаҳон чемпионати ва қитъанинг энг нуфузли мусобақаси бир йилда ўтказилиши спортчиларга қўшимча қийинчилик ва ноқулайлик туғдириши мумкин.

Йиғидишда сўз олган Пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош тренери Сардор Абдуҳолиқов даставвал юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларнинг спорт билан шуғулланишига давлат миқёсида эътибор қаратилаётгани, айниқса, яқиндагина қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бунга яққол мисол бўла олишини айтиб ўтди.

Шундан сўнг тажрибали мутахассис нега Жаҳон чемпионати айнан Осиё ўйинлари бўладиган йилга кўчирилгани ҳақида мутасаддиларга савол билан мурожаат қилди. Улар эса ушбу ҳолатни ҳам ўрганиб чиқишгани ва 2022 йил октябрь ойида Осиё ўйинлари ўтказилишини инобатга олиб, Жаҳон чемпионатини июль ойида ўтказишга қарор қилинганини маълум қилишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *