Пара таэквондо бўйича онлайн Республика мусобақаси бўлиб ўтди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси август-сентябрь ойларида ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган Республика мусобақаларини онлайн тарзда ўтказиб келмоқда.

Ана шундай мусобақаларидан бири бугун Пара таэквондо бўйича бўлиб ўтди. Унда Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Бухоро, Наманган ва Қашқадарё вилоятларидан жами 14 нафар спортчи иштирок этди. Эркаклар ўртасида 10 нафар, аёллар ўртасида эса 4 нафар пара таэквондочи ғолиблик учун кураш олиб борди.

Даставвал Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов мусобақа ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, спортчиларга омад тилади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳам мусобақа ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Шундан сўнг баҳсларга старт берилди.

Қизиқарли кечган беллашувларда эркаклар ўртасида Асад Тоштемиров биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, кучли учликдан Зухриддин Тохиров ва Санжар Мухторов жой олди. Аёллар ўртасида эса 1-ўрин Зиёда Исоқовага насиб этди. Финалда мағлуб бўлган Дилбар Мадиева эса 2-ўринни эгаллади. 3-ўринни Зарнигор Турдиева қўлга киритди ва мусобақа совриндорига айланди.

Мусобақа якунида сўз олган бугунги беллашувлар ғолиби, Осиё ва Жаҳон чемпионатлари совриндори Зиёда Исоқова спортчиларга яратиб берилаётган шароитлар учун авваламбор Муҳтарам Президентимизга, қолаверса Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ва Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясига ўз миннатдорчилигини билдириб, келажакда ушбу ғамхўрлик ва эътиборга муносиб жавоб қайтаришга ваъда берди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *