Португалия кембек уюштириб, иродали ғалабани қўлга киритди

УЕФА Миллатлар Лигаси 6-туридан ўрин олган Хорватия – Португалия учрашуви якунланди ва унда меҳмонлар қийинчилик билан ғалаба қозонди.

Ўйин португалларнинг устунлиги билан бошланди, бироқ, биринчи бўлиб ҳисобни очиш мезбонларга насиб қилди. 29-дақиқада Матео Ковачич қанотдан бошланган ҳужумни гол билан якунлади. Жамоалар шу ҳисоб билан танаффусга йўл олишди.

Иккинчи таймда меҳмонлар босимни ошириб боришди. 51-дақиқада Марко Рог қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Бир киши кўп бўлиб қолган Португалия икки дақиқадан сўнг ҳисобни тенглаштирди. Рубен Диаш Хорватия ҳимоясидаги палапартишдан унумли фойдаланиб дарвозани ишғол қилди. 60-дақиқада Жуан Фелиш Португалиянинг қарши ҳужумини гол билан якунлаб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Беш дақиқадан кейин эса Матео Ковачич жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. Ўйиннинг сўнгги дақиқасида Рубен Диаш дарвозабон хатосидан унумли фойдаланиб, очиқ қолган дарвозани ишғол қилди.

Шу тариқа Миллатлар лигаси А3 гуруҳида Португалия 13 очко билан иккинчи ўринни эгаллади, Хорватия эса битта ғалаба билан учинчи поғонадан жой олди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *