Президентимизнинг Мурожаатномасидан руҳланиб

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис палаталари ва халқимизга йўлланган Мурожаатнома Ўзбекистон аҳолисининг эртанги кунига янада катта ишонч бағишлади дейиш мумкин. Президентимиз ўз Мурожаатномасида якунланган йил нақадар оғир ва масъулиятли ўтгани, аммо халқимиз ушбу синовларни биргаликда, якдил бўлиб енгиб ўтганлигини алоҳида таъкидлади.

Бугун Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясида мазкур Мурожаатнома мазмун-моҳиятини янада кенг очиб бериш, унда келтирилган масалалар бўйича атрофлича фикр алмашиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ассоциация раис ўринбосари Шарифжон Моминджанов, ассоциация бош котиби Омон Гафуров, Миллий Олимпия қўмитаси координатори Мирсардор Алимов ва ассоциация меҳнат жамоаси ҳамда Паралимпия спортчилари иштирок этди.

Тадбирни МОҚ координатори М.Алимов олиб борди. Давра суҳбатида шунингдек, Ш.Моминджанов сўз олиб, Президентимиз ўз Мурожаатномасида спорт соҳасига алоҳида тўхталиб ўтган ва бу ушбу соҳа вакиллари учун ҳар томонлама дастурул амал бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда 2021 йилда мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида янги ва улкан қадамларни белгилаб берган Мурожаатномада илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти, кўлами ва ижро механизмига тўхталиб ўтилди. Мавзу юзасидан тақдимот ўтказилиб, иштирокчилар ўртасида ўзаро фикр алмашилди.

“Авваламбор, Муҳтарам Президентимизнинг спорт соҳасига нақадар катта эътибор қаратаётгани бизни янада улкан марраларни забт этишга, олдимизга қўйилган вазифаларни ортиғи билан бажаришга ундамоқда. Ҳаммамиз учун жуда оғир ўтган 2020 йилда пандемия шароити бўлишига қарамай, Президентимиз томонидан спортга эътибор асло сусайгани йўқ. Биз ҳам олдинда турган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ушбу ғамхўрлик ва эътиборга муносиб тарзда юқори натижалар кўрсатишимиз лозим”, – деди ассоциация раиси ўринбосари Ш.Моминджанов.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *