«Президентни қулатсангиз, бу сиз учун интиҳонинг бошланиши бўлади» – Лукашенконинг митингда сўзлаган нутқи

Беларусь президенти Александр Лукашенко ўз тарафдорлари иштирокидаги митингда қатнашди ва нутқ сўзлади. 9 августдаги сайловлардан кейин тўхтамаётган намойишлар фонида Лукашенко илк марта кўчадаги митингда чиқиш қилди. Фақат ўз тарафдорлари олдида. Митингдагилар Лукашенкони «За батку!» ҳайқириғи билан кутиб олишган.

Валерий Шарифулин / ТАСС / Scanpix / LETA

Сўзи аввалида Лукашенко беларуслар уни доим қўллаб-қувватлашганини, 1990-йиллар аввалидаги қийин даврда ҳам ёлғизлатиб қўйишмаганини айтиб миннатдорчилик билдирди. Президент нутқи давомида ҳаётида илк марта халқ олдида тиз чўкишини айтган, аммо бу ишни қилмаган. Лукашенконинг нутқи ярим соатча давом этган.

Лукашенко нутқининг асосий иқтибослари:

* Сайловлар ўтди деб ҳисобланди, чунки 80 фоиз овозни сохталаштириб бўлмайди;

* Рақиблар мамлакатни ҳарбий қарама-қаршиликлар гирдобига ташлашди;

* Ислоҳотларни эртадан бошлашимиз мумкин, фақат беларуслар қандай ислоҳотлар кераклигини айтишсин;

* Агар Ғарб давлатлари қучоғига отилиб, қайта сайлов ўтказсак, миллат сифатида йўқоламиз.

* Мен ўлсам ҳам, давлатни топширишингизга йўл қўймайман.

Қуйида Лукашенко нутқининг асосий қисми келтирилади.

Мен сизни бу ерга мени ҳимоя қилиш учун чақирганим йўқ. Сиз чорак асрда илк марта ўз мамлакатингизни, мустақилликни ҳимоя қилишингиз мумкин. Биламан, уйда ишингиз кўп. 90-йилларда шу ерда ишчилар тўпланиб ейишга овқат сўрашгани ёдимда. Улар одамларни боқишни сўрашганди. Мен буларнинг барчасини ҳув ана у деразадан кўргандим. Ўшанда мен сизларга ёрдам беришга ва давлат тақдирини қандайдир майдонларга ташлаб қўймасликка сўз бергандим.

Мен митинглар тарафдори эмасман, лекин сизни ёрдамга чақиришга мажбур бўлдим. Афсуски, мана шу парламентда биз дунёдаги ҳеч бир масала усиз ҳал бўлмайдиган империямизни йўқотгандик. Биз бу империянинг қон теккан бир қисмини олдик.

Ўшанда одамлар нимани сўраганди? Сиз бир бурда нон, 20 доллар маош сўрагандингиз. Заводларни ишлатишни, трактор, комбайн ва қишлоқни қутқариб қолишни сўрагандингиз. Одамлар ишлашини, сут, гўшт ва нон бўлишини сўрагандингиз. Сиз заводларни хусусийлаштирмасликни, деҳқондан ерни олиб қўймасликни сўрагандингиз. Сиз тиббиёт ва таълим пуллик бўлмаслигини сўрагандингиз. Сиз кўчага чиқишга қўрқиб қолган офицер ва аскарларнинг обрўсини тиклашни сўрагандингиз {одамлар «Ҳа!» деб бақиришади}.

Биз буларнинг барчасини қилдик. Биз миллионлаб аждодларимиз орзу қилган ишларни қилдик. Ўз тарихимизда илк марта мустақил, суверен давлат қурдик. Вақт бизни танлади ва биз буни қилдик.

Мен сизларга мурожаат қилмоқчиман… Нафақат сизга. Умуман олганда, сизга эмас, бошқарилаётганларга СИЗ деб мурожаат қилмоқчиман: нимани хоҳлаяпсиз ўзи? Ислоҳот хоҳлаяпсизми? Айтинг, қандай ислоҳотни, эртадан бошлаймиз. Сиз, мана шу ердаги 50 минг одам (маълум бўлишича, митингда аслида 20 мингга яқин киши келган) фазовий, вертолётли пуллар бўлмаслигини, пулни майдонларда эмас, далаларда, завод-фабрикаларда ишлаб топиш кераклигини яхши билишади.

Чегарамиздан 15 дақиқалик масофада самолётлар, танклар турибди. Бекорга эмас. НАТО аскарлари дарвозамиз олдида туришибди. Литва, Латвия ва Польша билан чегарамизда ҳарбий ҳаракатлар кучайтирилган. Афсуски, бизнинг қадрдон Украина биздан қайта сайлов ўтказишни сўрамоқда.

Агар биз кимнингдир қучоғига отилсак, ҳаво кемамиз ҳалокатга учрайди. Биз давлат сифатида, миллат сифатида ўламиз. Биз аскарларимизни Ғарб полигонларига юбориш ўрнига ўз кўчаларимизда одамларни тинчлантириш учун юборишга мажбур бўляпмиз. Биз Шарқ ва Ғарб ўртасида санитар зона бўлмаслигимиз керак. Биз Европа учун ҳожатхонага айланмаслигимиз керак.

Бизга янги ҳукумат керак дейишяпти, ахир чет элда бунақадан иккитасини ясашди-ку (сургундаги ҳукумат назарда тутилмоқда). Улар ким келиб бизни бошқариши ҳақида ўзаро келиша олмаяпти. Биз нарсани унутмаслик керак: бунақа ҳукуматлар кўп эди. Америкада ҳам биттаси бор. Улар учта ўзи. Бизга хориждаги ҳукумат керак эмас, бизда ўзимизнинг ҳукумат, ўзимизнинг раҳбарият керак. Ва уни ўзимиз танлашимиз керак.

Бизга НАТО ҳарбийларини таклиф қилишяпти. Қоратанли, сариқоғиз ва оқсоқолли аскарларни. Улар бизга эгар боғлаб қамчилашни исташмоқда, наҳотки кўрмаётган бўлсангиз? Кимдир буни хоҳласа, бемалол, фақат менсиз. Мен ўз қўлимиз билан қурилган нарсаларни бериб қўймоқчи эмасман.

Менинг ҳам мени эшитадиганлар каби болаларим, набираларим бор. Мен улар ўз заминларида, ўз давлатларида яшашини хоҳлайман. Сиз узоқдан келгансиз ва бу гапни сизга айтишим керак. Балки менда бундай имконият бошқа бўлмас. Ҳа, биз кескин йўл тутдик. Ҳа, кимгадир бу сиёсат ёқмагандир. Аммо биз сиз билан бу ҳукуматни 90-йилларда янги конституцияни қабул қилаётиб тасдиқлаганмиз.

Биздан Минск кўчаларини бандитлардан тозалашни сўрадингиз. Эслатмоқчиман: 32 бандитни ОМОНчилар ва менга эргашган аскарлар билан тинчитдик. Минск кўчаларидаги ёшларга мурожаат қилмоқчиман: сиз бу бетамизлар бизнинг устимиздан қандай кулганини эшитдингизми? Ёки ота-оналарингиз айтиб беришмадими?

Сиз мен жуда ёш бўлган ва пулни қаердан олишни билмаётган вақтим буларни сўрадингиз. Сиз йиғладингиз, хотинларингиз болаларга беришга ҳеч нарса йўқ деб айтишди, сиз одамларни даволашни, ўқитишни сўрадингиз, биз уларни даволаяпмиз, ўқитяпмиз.

Кўзи кўр бўлмаганлар, ўзингизни қўлга олинг. Ўқитувчилар, шифокорлар, ижодкорлар. Биз ўз йўлимиздан бордик ва пандемия даврида ҳеч бир завод ёпилишига, ҳеч бир қишлоқда ҳаёт тўхтаб қолишига йўл қўймадик. Мана, бу учун бизга раҳмат дейишмоқда. Мени оралиқ масофани сақламайди дейишганди, майдонлардаги одамлар оралиқ масофа сақлашяптими? Улар ниқоб ва ижтимоий масофага тупуриб қўйишди. Мен бу даҳшатли касаллик билан ҳеч ким оғримасин деб ярим йилдан бери ақлдан озай дедим ва шу учун мени қоралашяпти.

Биз сиз билан ҳар қандай қийинчиликка қарамай, бу ажойиб давлатни қурдик, энди сиз уни кимга топширмоқчи бўляпсиз? Агар сиз уни кимгадир бермоқчи бўлсангиз, мен бунга йўл қўймайман. Мен Худонинг олдида тургандекман. Сайлов бўлиб ўтди, чунки 80 фоиз овозни сохталаштириб бўлмайди. Ким қайта сайловга боради? Ким уни ўтказади? Бандитлар. Сайловга кетдик эмиш, ишни ким қилади барака топгур? Кўчадаги кескин ҳаракатларга ким сабаб бўлди? Мен уларни ўйлаб топдимми? Улар давлат бўлишди.

Ҳозир ҳарбийлар, давлат хизматчилари, Лукашенконинг ёнида турганларга таҳдид бўляпти. Огоҳлантираман, сиз олов билан ўйнашяпсиз. Сиздан илтимос қиламан, ўқитувчиларга тегманг, улар мактабга тайёрланиши керак. Шифокорларга, давлат нашрларидаги журналистлар, уларнинг оиласига тегманг. Агар нимадир бўлса, ортиғи билан жавоб берасиз.

Одамларни ҳарбий қарама-қаршиликка итарманг, мамлакатни дунёга шарманда қилманг. Мен реалистман, менга қулоқ солинг. Улар бизга тинч ҳаёт беришмайди. Ҳозир улар тинчланса ҳам, тешигидан чиққан каламуш каби чиқиб келаверишади. Уларни бегоналар бошқармоқда. Улар Ғарб дунёсининг чегарасини шу ердан, Брест яқинида кўришмоқда. Худди 1939 йилда бўлгани каби. Бунга йўл қўймаймиз, биз Брест қалъаси бўламиз. Мамлакатни бермаймиз. Беларуслар, ўз бошингиз билан ўйланг, акс ҳолда яқинда сиз учун бошқалар ўйлай бошлашади.

Улар менга «Кет» дейишяпти. Муаммосиз. Азизлар, мен бу ерда ҳокимликка ёпишиб қолганим учун турганим йўқ. Чорак аср давомида ёшлигимни, энг яхши кунларимни сизга хизмат қилишга сарфладим. Президентлар келади, кетади. ОМОН кетади, милиция тарқалади, яна майдонларга бориб ўтирамиз. Кимни ва нимага кутамиз у ерда? Эртага кимни боқамиз?

Жиноятчиларни қўйиб юборайликми? Муаммо эмас. Аммо болаларимизни ўшалар ўлдиришади. Улар ҳукуматга талпинишяпти. Кимдир унутган бўлиши мумкин, лекин биз бунақасини кўрганмиз. Бунинг такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак.

Сизга нима бўляпти беларуслар? Лукашенкони – биринчи президентни ҳам қулатарсиз, лекин бу сиз учун интиҳонинг бошланиши бўлади. Украинага ўхшаб қоласиз. Улар тиззада туриб кимга сиғинишаётганини билишмайди. Ҳозир ўзимиз топаётган бир бурда нонга зор бўласиз.

Сайловлар қизиқарли бўлишини, сайловдан кейин янада қизиқ бўлишини айтгандим. Беларусни эҳтиёт қилинг, чунки бизга эмас, болаларимиз, набираларимизга тегишли. Бизку бугунги кунгача яшадик, уларга нима қолдирамиз?

Ҳозир жуда жиддий вақт, шу сабаб сизни бу ерга чақирдим. Сиз мамлакатни ҳимоя қилишингизни ва сиз учун курашаётганларни ҳимоя қилишингизни сўрайман. {миш-мишлар ҳақида} Қаердадир касал бўлдим, қаердадир ўлдим, лекин мен тирикман ва яшашда давом этяпман.

Сизларга катта раҳмат, сиз бу мамлакат ва бу пойтахтнинг эгаси эканликларингизни кўрсатдингиз. Улар узоқ вақт сиз бу ерда тўпланганингизни эслаб юришади. Умримда биринчи марта олдингизда тиз чўкаман. Сиз бунга муносибсиз (аслида у тиз чўкмади, фақат таъзим қилиш билан чекланди). 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *