Президент инсон ҳуқуқларига оид фармон имзолади. Суд ва тергов тизимида муҳим ўзгаришлар кутилмоқда

Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган президент фармони қабул қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фармонда инсон ҳуқуқлари бузилиши, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган.

Бундан ташқари, халқаро стандартлар асосида тергов сифатини ошириш чоралари белгиланган.

1. Ярашув институтини қўллаш механизми такомиллаштирилмоқда.

Унга кўра, шахсга нисбатан тергов даврида эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган енгилроқ моддага қайта малакаланган ҳолларда ярашув институтини қўллаш имконияти яратилмоқда.

2. Ушланган шахснинг ҳуқуқлари поймол бўлишининг олдини олиш мақсадида:

– ушлаб туриш муддатини жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб эмас, балки шахс ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш;

– шахс амалда ушланган пайтдан бошлаб, тегишли мансабдор шахс у билан боғлиқ суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишдан олдин ҳимоячи билан холи учрашувни таъминлаши шартлиги ҳақидаги қоида назарда тутилмоқда.

3. Ўта оғир жиноят содир этганликда айбланаётган шахсларга оид жиноят иши бўйича, шунингдек қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳолатларида ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги белгиланди.

4. Судга қадар иш юритиш даврида шахс ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида:

– агар ушланган айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаса, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш тақиқланмоқда;

– шахсни жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб қилиш учун реал асослар мавжуд бўлган ҳолларда уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, процессуал ҳуқуқларини тушунтирмасдан туриб, ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш ман этилмоқда.

Маълумки, айбланувчининг қонун ва халқаро ҳужжатларда акс этган энг асосий ҳуқуқларидан бири – бу кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқидир. Фармон билан ушбу ҳуқуқни амалиётда тўлиқ рўёбга чиқариш имконияти яратилмоқда.

5. Айбига иқрорлик бўйича келишув институти киритилмоқда.

Унга кўра, айрим тоифадаги жиноятлар бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган, шунингдек, келтирилган зарарни бартараф этган тақдирда унга нисбатан қонунда белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинланади.

Бундан ташқари, эндиликда ушбу тоифадаги жиноят ишлари соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олинади.

6. Тошкент шаҳар прокуратураси тергов бўлинмалари ва Ички ишлар бош бошқармаси тергов бошқармасининг фаолияти халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ намунавий тарзда ташкил этилади.

Ушбу тергов бўлинмалари замонавий криминалистик ускуналар билан жиҳозланган автотранспорт воситалари, процессуал ҳаракатларни аудио ва видеога қайд этиш тизимлари ҳамда стенография қилиш ускуналари билан таъминланади.

Тергов хоналари замонавий тарзда, халқаро стандартларга мослаштирилиб, шахсларнинг ҳимоячи билан холи учрашиши учун мўлжаллаган ҳолда ташкил этилади.

Шу билан бирга, тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш учун жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарини техник воситалар ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш чоралари кўрилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *