Премьер-Лига ғолиблари келаси йили икки баробар мукофот билан тақдирланишади

Жаҳон каратэ федерацияси (WKF) Премьер-лига ғолибларини тақдирлаш маросимини 2021 йилга қолдирилганини эълон қилди.

Календарь режага асосан жорий йилда Каратэ 1 Премьер-Лигасининг фақатгина учта турнири, хусусан, 24-26 январь кунлари Парижда, 14-16 февраль кунлари Дубайда ва 28 февраль – 1 март кунлари Зальцбургда ўтказилган эди. Коронавирус пандемияси сабаб 13-15 март кунлари Работда ва 17-19 апрель кунлари Мадридда бўлиб ўтиши керак бўлган Премьер-Лига мусобақaлари бекор қилинди, 9-11 октябрь кунлари Москвада ўтказилиши режалаштирилган турнир эса кейинроққа қолдирилди. Эндиликда 2020 ва 2021 йилнинг икки мавсуми бирлаштирилиб, 2020-2021 йилги мавсум деб номланади.

Бош соврин 2020-2021 йилларда Премьер-Лига турнир жадвалида 12 та категория бўйича биринчи ўринни эгаллаган иштирокчиларга берилади.

Бундан ташқари, WKF икки мавсумнинг соврин маблағларини бирлаштиришга қарор қилди. Келгусида ўтказиладиган турнирларнинг янги ғолиблари махсус маросимда топшириладиган кубок билан бирга икки баробар пул мукофоти билан тақдирланади. 2020-2021 йилги мавсум ғолибларини тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 1-3 октябрь кунлари Москвада ўтказиладиган мусобақа пайтида ёки 2022 йилнинг биринчи Премьер-Лига турнирида бўлиб ўтиши мумкин.

«Биз, Каратэ 1 Премьер-Лига ғолибларини тақдирлаш маросимини 2021 йилга қолдирилишини, авваламбор, спортчиларнинг манфаатларини ҳамда ташкилотимизнинг обрўсини ҳимоя қилиш учун энг яхши ечим деб ҳисоблаймиз», – дейилади WKF расмий баёнотида.

Маълумот учун, аввалги Каратэ 1 Премьер-Лига ғолибларини тақдирлаш маросими жорий йилнинг январь ойида Парижда ўтказилган турнирда ташкил этилган эди. Ўшанда ғолиблар рўйхати қуйидагича кўриниш олган:
Якка ката эркаклар: Рио Киюна (Япония);
Кумитэ эркалар:
-60 кг: Дархан Асадилов (Қозоғистон);
-67 кг: Стивен Дакоста (Франция);
-75 кг: Рафаэл Агаев (Озарбойжон);
-84 кг: Угур Актас (Туркия);
+84 кг: Саяд Ганжаде (Эрон);
Якка ката аёллар: Сандра Санчез (Испания);
Кумитэ аёллар:
-50 кг: Серап Озчелик (Туркия);
-55 кг: Анжелика Терлюга (Украина);
-61 кг: Сяоян Ин (Хитой);
-68 кг: Ирина Зарецкая (Озарбойжон);
+68 кг: Аюми Уекуса (Япония).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *