Пулини ололмай қолган тиббиёт ходимларига тўловлар тўлаб берилади – Беҳзод Мусаев

Беҳзод Мусаев тиббиёт ходимлари қўшимча тўловларни олмаганига изоҳ берди.

Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари қўшимча тўловларни олмаётгани билан боғлиқ ҳолатлар бўйича изоҳ берди. Унинг маълум қилишича, шифокорларнинг муаммоларини эшитиш учун алоҳида ишонч телефони линияси фаолияти йўлга қўйилади.

«Коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари ҳар бир даволаш даври (14 кун) учун қўшимча тўлов ҳамширалар 5 млн, кичик врач 15 млн, врачлар 25 млн сўм олиши белгиланган эди. Аммо улар қўшимча тўловни ўз вақтида олмаётгани бўйича қатор эътирозлар бўлди.

Биз бу ҳолатларнинг тагига етдик – айрим техник ишлар бор экан. Коронавирусга қарши курашда иштирок этган ҳеч бир тиббиёт ходими тўловсиз қолмайди. Тиббиёт ходими истаса ишни бошлашдан аввал тўловнинг 40 фоизини оладиган, ишини тугатгандан кейин меҳнат ҳақини тўлиқ қўлига олишини таъминлайдиган тизим яратилади.

Шунингдек, ходим пулни пластик картадан олишида муаммолар бўлмаслиги учун тўловни нақд пул кўринишида бериш масаласи кўрилмоқда. Кассир, ҳисобчи ишга чиқа олмай қолиши, карантин туфайли банклар билан боғлана олмаслик ҳолатлари бўлмаслиги таъминланади. Буни ўзим назоратга оламан.

Авваламбор ҳозиргача ишлаган, лекин тўловини ололмаган тиббиёт ходимларига берилмай қолган тўловлар амалга оширилади. Бу бўйича 71та ҳолат аниқланган», деди Беҳзод Мусаев Халқаро пресс-клубнинг коронавирус билан боғлиқ вазият таҳлилига бағишланган сессиясида.

Шунингдек, шифокорларнинг муаммоларини қабул қилиш учун алоҳида ишонч телефони ташкил қилинишини айтиб ўтилди.

«Тиббиёт ходимларининг тўловларни ўз вақтида ололмаслиги билан боғлиқ муаммоларини қабул қилиш ва ҳал қилиш тизимини ташкил қилиш учун ишонч телефони ташкил этилади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *