Расул Кушербаев: «Давлат ирода кўрсатиб ҳар бир соҳада рақобатга имкон бериши керак»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев 23 июль куни MY5 телеканалидаги «Марказий студия» дастури меҳмони бўлиб, қатор долзарб саволларга жавоб берди.

Тонировка нархи қимматлиги ҳақида

Расул Кушербаев дастур аввалида дастлаб Ўзбекистонда енгил автотранспорт воситаларининг ойналарини қорайтириш (тонировка) билан боғлиқ амалдаги тартибга бир қанча депутатлар қарши экани ва бу тартибга қачон енгилликлар киритилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

«Айрим таклифларимиз инобатга олиняпти, айримлари эса йўқ. Таклиф инобатга олиниши учун овоз берувчилар кўпчилик бўлиши керак. Битта депутатнинг овози бу битта овоз. Таклиф қилинаётган қонунни депутатлар сонининг ярмидан кўпи маъқулласа, у ўтади.

Бу масалада ҳар кимда ҳар хил фикр бўлади. Шунинг учун ниманики биргалашиб қилолган бўлсак, шулар амалга ошган», – деди у.

UzAuto Motors билан давом этаётган тортишув ҳақида

Дастур давомида депутатдан UzAuto Motors компанияси билан тортишуви ҳақида сўралди.

Расул Кушербаевнинг айтишича, компанияга нисбатан эътирозлар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ ва у узоқ йиллардан буён давом этмоқда.

«Бу кўпчиликни норози қилаётган тизим, демак биз ҳам норози бўламиз. Ахир биз ҳам шу одамлар ичидамиз», – деди у.

Расул Кушербаев бу борада UzAuto Motors (аввалги GM Uzbekistan) заводининг одамларга кўп йиллардан буён кулгили ва оғир шартлар қўйиб келаётгани ва бу жараёнда халқ танловсиз қолаётганини таъкидлар экан, бунга бир қанча мисолларни келтиради.

«Масалан, охирги йилларда давлат раҳбари томонидан валютани либераллаштириш бўйича қабул қилинган фармондан келиб чиқибгина одамлар ўзимизни валютада автомашина харид қила бошлади.

Авваллари ўзимизнинг миллий маҳсулотимизни сотиб олиш учун миллий валютамиз сўм қабул қилинмасди. Буни ҳар хил йўллар билан ёпишга ҳаракат қилишгани билан барибир факт шу эди.

Бу ерда «Марказий банк тўғрисида»ги қонун ҳам очиқчасига бузилиб келинган.

Тўғри, журъатcизлик, тизим дея очиқ айтилмаган бўлса-да, бор факт шу эди. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди-ку, ахир», – деди депутат.

Кушербаевга кўра, мутасаддилар ва компания вакиллари кейинчалик ўзгаришлар бўлади, дея берган ваъдалари қуруқ ваъдалигича қолиб кетмоқда. Ва ҳаётнинг ўзи кўрсатяптики, монопол шароитда одамларнинг фикри эътиборга олинмайди. Бунга эса рақобатчининг ва мижоз учун кураш деган стимулнинг йўқлиги сабабдир.

«Улар билганимни қилавераман деб ўйлашади. Масалан, мен ҳам UzAuto Motors ишлаб чиқарган Chevrolet Nexia R3 автомашинасини минаман, чунки менда бошқа танлов йўқ. Танлов бўлганда эди, бошқа компания томонидан ишлаб чиқарилган автомашинани олган бўлардим.

Битта компания яшаб қолсин, деган мақсадда четдан келадиган автомобиллар учун бож тўловлари қўйилган. Асосий муммо шунда. Халқда танлов имконияти йўқ.

Иккинчидан, олган машинангиз ҳам сифатли чиқмайди. Кўпчилик менга айтади, янги олган машинасининг кўплаб дефектлари бор. Уни бозорга бориб қайтадан тўғрилатиб келишингиз керак. Тасаввур қилинг, шунча пул сарф қилиб ва бунинг устига танловсиз машина харид қилдингиз-да, лекин у ҳам сифатли эмас», – дейди Расул Кушербаев.

Тортишувга яна бир сабаб: Тез ёрдам учун «Дамас»лар

Парламент аъзоси бир неча кун аввал UzAuto Motors`га нисбатан билдирган танқидий фикрларига ҳам изоҳ бериб ўтди.

Депутат шу ҳафта бошида Telegram`даги каналида мамлакатдаги оғир вазиятга қарамай, UzAuto Motors тез ёрдам учун автомобилларини жуда қиммат нархда сотишда давом этаётганини қоралаб, компанияни халқ ҳисобидан ялло қилиб яшовчи, «эркатой монопол» деб атаганди.

«Март ойидаёқ биз шу масалани кўтариб, компания вакилларига тушунтиришга ҳаракат қилдик. Уларга «маҳаллийлаштирилган ва бутловчи қисмлари ўзимизда ишлаб чиқарилаётган автомашиналарни нархини асоссиз оширманглар» дедик.

Лекин компаниянинг бошқарув менежменти, бошқарувчилари ўзгаришни хоҳлашмади. Улар бизни тушунмади.

Ҳозир ҳам пандемия давом этмоқда. Мана шундай шароитда дунёдаги кўплаб автомобил заводлари ўз харидорларига катта чегирмаларни, енгилликларни тақдим этмоқда.

Масалан, менга хабар беришларича, Жанубий Кореядаги KIA ва Hyundai автомобил компаниялари соғлиқни сақлаш тизими учун етишмаётган автомобилларни бепул тақдим қилган.

Улар бу орқали халқ билан доимо бирга эканлигини изҳор қилди. Бу шаклдаги ёрдамлар дунёнинг бошқа давлатларида ҳам кузатилмоқда.

Бизда тез тиббий ёрдам учун «Дамас» автомобилидан фойдаланиб келишади. Ҳеч бўлмаса шуни март ойигача бўлган, оширилмаган нархда бериш мумкин эди-ку.

Ўйлабманки, компания бошқарув кенгаши буни тушуниб етар деб. Йўқ, бундай ташаббус бўлмади. Тошкент шаар ҳокимлигини кўрдик, 50тача автомобил харид қилди, Фағона вилояти ҳам олди.

Қизиқиб кўрдим, тез ёрдамга автомобил етмаётган, одамлар қийналаётган пайтда балки улар шу автомобилларни оширилмаган нархда бердимикин, деб. Йўқ, улар автомобилларини оширилган нархда сотишган, пулини 75 млн атрофида санаб олишган.

Яна бир нарсани тушуниш керак, ҳокимлар ҳам бу маблағни бюджетдан оляпти, яъни у халқнинг пули.

Биз ҳали бошқа автомобил турлари ҳақида гапирмадик. Шунчаки ҳаммага керак бўлаётган «Дамас»ларни арзонроқ қилиб бериш мумкин эди-ку.

Улар менинг бу фикрларимни тўғри қабул қилишига ишонгандим, лекин улар буни душманлик сифатида қабул қилишди.

Қачон шундай бўлади, биласизми? Қачонки бошқарув соҳасида замонавий ёндашув бўлмаганда», – деди сиёсатчи.

Расул Кушербаев танқид нишонида турган айрим компаниялар у билдирган танқидлардан кейин ўзини шахсий манфаати учун танқид қилишда айблашлари ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«Менга бу нарсадан заррача шахсий манфаатдорлик йўқ. Ахир Россиядаги ҳолатларни ҳам кўряпмиз-ку. Қанчадан қанча автомобилларимиз очиқ жойда қолиб ҳам чириб кетяпти. Улар қиммат автомобилларнинг нархидан озгина чегирма қилиб беряпти. Адашмасам, Chevrolet Tracker нархини 40 млн.гача туширишяпти. Ҳозирги шароитда компания уларни эмас, биз айтаётган автомобиллар нархини тушириши керак эмасми?

Улар мени популизмда айблашяпти, лекин популизм қачон бўлади? Кимдир амалда йўқ, ҳақиқатан йироқ гапларни гапириб нимагадир эришмоқчи бўлса».

Монополияга қарши кураша олмаётган Парламент ҳақида

Бу фикрларидан кейин дастур бошловчиси депутатга парламент монополияга қарши етарли даражада кураша оляптими, мазмунида савол берди.

«Тўғрисини айтсам, кураша олмаяпти. Қачон кураша олади, қачонки, шунга сиёсий ирода бўлса. Қачонки кўпчилик буни хоҳласа. Бунга қарши парламентда бор йўғи бир-иккита одам фикр беряпти. Масалан, мен ҳам шуни сал қимирлатишга ҳаракат қиляпман.

Агар бизга монополияларни чеклайдиган қонун лойиҳаси кирадиган ёки шунга шароит бўладиган бўлса, уни қўллайдиганлар қаторида мен биринчилардан бўламан.

Бу бир-иккита депутатнинг хоҳиши билан бўлиб қолмайди. Қайтараман, буни кўпчилик хоҳлаши керак. Кўпчиликнинг журъат ва иродаси йиғилиши керак», – деди у.

«Давлат ирода кўрсатиб ҳар бир соҳада рақобатга имконият бериши керак»

UzAuto Motors – Ўзбекистондаги ягона монополист эмас. Бундан ташқари мунтазам давлатдан ёрдам олиб келувчи яна бир нечта корхоналар бор.

Бу ҳақда Расул Кушербаев қуйидагиларни таъкидлаб ўтди.

«Бизда хизмат кўрсатишнинг қайси йўналиши ёки маҳсулот ишлаб чиқарилишида одамларга етарли сифат бўлмаётган, етарли танлов имконияти бўлмаётган бўлса, шуларнинг ҳаммаси монопол.

Хизмат кўрсатишда электр энергия етказиб бериш соҳасини келтириш мумкин. Масалан, жойларда электр энергиясининг тизимсиз ўчавериши ҳолатларини кўп кўрамиз.

Транспорт соҳаси ҳам тўлиқ монополлашган тизим бўлиб қолмоқда. Бунга темир йўл, ҳаво йўллари ва автомобил транспорти мисол. Буларнинг барчаси монопол ва уларда давлатнинг иштироки бор.

Бу ерда давлат ирода кўрсатиб уни бошқаларга, рақобат муҳитига бериши керак. Давлат бу ерда ўзини четга тортса, рақобат пайдо бўлади. Рақобат пайдо бўлган шароитда эса фуқародан пул унинг розилиги билан олинади.

Ҳозир Тошкент метрополитени ҳам ўз фаолиятида йиллик фойда билан чиқмайди. Улар давлат бюджетидан, яъни фуқаролар тўлайдиган солиқлардан ўзини қоплайди.

Яна бир мисол, яқинда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга 500 млрд сўм атрофида субсидия берилди.

Бундан ташқари, «Ўзбекнефгаз» АЖга ҳам ҳозирги инқироз шароитида ўзини тиклаб туриши учун 401 млрд сўм субсидия ажратиляпти.

Агар шу компанияларнинг ўрнида хусусий, рақобатчи компаниялар бўлганда эди, давлатга ортиқча юк бўлмасди. Биласиз, ссудалар қайтиши мумкин, лекин субсидиялар қайтмайди.

Фикрларимни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси кўрсатаётган хизмат сифатида кўришингиз мумкин. Яъни, унга ҳам йўловчилардан эътирозлар жуда кўп. Бу йиллар давомида давом этиб келяпти.

Буни ўзим ҳам чет элга учганда кўп кузатганман. Хизмат кўрсатиш сифати, овқатланиш, умуман, барча жиҳатларда чет эл авиакомпаниялари ва ўзимизники ўртасида фарқ бор. Шунинг учун ҳам баъзида ўз манзилимизга етиб олиш учун транзит рейслардан фойдаланаман. Бу ерда гап нафақат хизматлар, балки чипта нархларида ҳам. Тушунмайман, нега фақат бизда шундай?»

Монополиялар тугатилмаслигидан ким манфаатдор?

Расул Кушербаевдан Ўзбекистонда монополия ва монопол ташкилотлар тугатилишини ким хоҳламаслиги ҳақида сўралди.

«Бу битта инсонга боғлиқ ҳолат эмас. Тўғри, кескин чоралар ҳам керак. Менимча, рисклардан қаттиқ ҳисоб-китоб қилинаётгандир.

Шунингдек, бу вазиятга кўникиб олган, ўрганган кучлар бўлса керак. Бу ерда битта одам ҳам эмас, қандайдир гуруҳлар бўлиши керак. Улар келиб турган ниманидир йўқотишни хоҳлашмаяпти.

Бу биринчидан. Иккинчидан эса қўрқув бўлиши мумкин. Яъни, жараённи биз кимга топширамиз деган.

Қўрқмаслик керак. Биз кўпинча четдан келадиган янгиликни душман сифатида кутиб оламиз. Уни амалда синаб кўрмай туриб ҳам ёмонотлиқ қилаверамиз.

Оқибатда нима бўляпти. Ўзимизнинг ичимиздагилар четдан фирма очиб ўзимизга гўёки чет эллик бўлиб келяпти.

Монополия ана шундай муаммоларни ҳам келтириб чиқараверади. Бу ерда қандайдир катта журъат керак. Буни халқимиз ҳам қаттиқ хоҳлаши керак. Чунки халқнинг хоҳишидан каттароқ куч йўқ. Буни жамоатчилик ҳам қўллаши керак.

Қачонки ўз қорнини, жиғилдонини ўйлайдиган шахсларга йўл қолмаса, биз бу мақсадларга етишамиз», – деган Кушербаев.

У коррупция ва монополияларни тугатиш борасида Грузия тажрибасини мисол сифатида келтирди.

«Бунга Грузияни мисол қилсак бўлади. Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини яхши биламиз. Тўғри, уни кўпчилик ёқтирмайди, лекин айнан у коррупция ва монополияларни камайтиришга ҳисса қўшган одам.

Биргина мисол, Саакашвили келгунча Грузияда ҳам авиакомпания битта бўлган, яъни монополия. Табиийки, Грузияга туристлар ҳам жуда кам ташриф буюрган.

Саакашвили давлатда монополияни йўқотди ва рақобатчи компанияларни Грузияга киритди. Нима бўлди дейсизми, давлатда туристлар оқими бир йилнинг ичидаёқ ошиб кетди.

Бу умумий натижада давлатнинг ривожланишига хизмат қилди. Иқтисодий аҳвол яхшиланди. Рақобат шароитида давлат ҳам, халқ ҳам ютади», – дея фикрларини якунлади Расул Кушербаев.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *