Регби бўйича Ўзбекистон чемпионати старт олди

Бугун Ўзбекистон миллий университети стадионида Олимпия дастурига киритилган регби-7 бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг 1-тур баҳслари бошланди. Майдонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва университет талабаларидан ташкил топган 11та эркаклар ва 6та аёллар жамоаси куч синашяпти.

Дастлаб мусобақанинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Р.Шоабдураҳмонов, қўмита бош котиби О.Касимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Ирматов, Республика регби федерацияси раҳбарияти, тегишли масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, мусобақа қатнашчиларига омад тилашди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан жисмоний тарбия ва спортни аҳоли ўртасида ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Куни кеча қабул қилинган «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги улкан қадам бўлди. Энди меҳнат жамоалари ҳам катта спортга кириб келиши учун бир туртки вазифасини ўтайди. Энди нафақат ишчи-ходимларни, балки раҳбарларни ҳам спорт майдонларида кўрамиз. Республика товар хом ашё биржаси бу борада ўрнак бўлиб, ўз жамоасини шакллантирганига гувоҳи бўлдик. Пандемиядан кейин аста-секинлик билан мусобақалар старт оляпти. Ўйлайманки, эндиликда барча эътибор регбини ривожлантириш, янги жамоаларни шакллантириш, шу орқали ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилади, – деди қўмита Бош котиби О.Касимов.

– Регби жисмоний бақувват бўлган йигит-қизлар шуғулланадиган спорт тури. Нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда ҳам жамоалар шаклланиб келяпти. Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакат регби федерацияси билан биргаликда вазирлигимиз томонидан регбини ёшлар ўртасида ҳам кенг ривожлантириш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиққанмиз. Ўйлайманки, ушбу тур мамлакатимизда энг севиб ўйналадиган жамоавий ўйинлардан бирига айланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов.

Бу йилдан ушбу спорт тури инфратузилмасини яхшилаш, етарли шарт-шароитлар яратиш бўйича кўплаб амалий ишлар қилиняпти. Айни пайтда мавжуд стадионлар регби билан шуғулланиш учун талабга жавоб бермайди, мутахассисларга ҳам эҳтиёж бор. Шу сабабдан, “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва иншоотларни жаҳон андозалари асосида таъмирлаш масалалари давлат дастурига киритиляпти.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ушбу тур икки йўналиш – регби-15 ва регби-7дан иборат. Регби-7 бўйича мамлакат чемпионати 4 турдан иборат бўлиб, якунда ғолиб номи аниқланиши лозим эди. Пандемия муносабати билан мусобақалар жадвалига ўзгартириш киритилиб, турлар сони қисқартирилди. Шу сабабдан 13-15 ноябрь кунлари Фарғона шаҳрида 2-тур баҳслари билан чемпионат якунланади.

Эртага ярим финал ва финал баҳслари ўтказилади. Декабрь ойида эса регби-15 бўйича Ўзбекистон чемпионатига старт берилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *