Рекордчи “Пахтакор”, Саркисян натижасини такрорлашга яқин турган Қосимов …

Хабарингиз бор, 20 декабрь куни Наманганда Ўзбекистон кубоги финал учрашуви бўлиб ўтади. “Пахтакор” матбуот хизмати ушбу ўйин олдидан қизиқарли фактларни маълум қилди. 

“Пахтакор” кубок финалларида энг кўп иштирок этган жамоа саналади. Намангандаги финал “шерлар” учун 16-бор ҳал қилувчи баҳсга айланади. “Бунёдкор” 9, “Нефтчи” 7 ва “Насаф” 6 бор финалларда майдонга тушган. Финалда кетма-кет учта тўқнашув дастлабки бор “Пахтакор” ва “Бунёдкор” ўртасида 2007, 2008 ва 2009 йилда кузатилган. Энди “Пахтакор” ва АГМК ҳам кетма-кет учинчи тўқнашувда иштирок этади. Финалларда энг кўп кузатилган қарама-қаршилик “Пахтакор” ва “Нефтчи” ўртасида рўй берган. Бу жамоалар жами 5 марта Ўзбекистон Кубоги финалларида баҳс олиб борган. “Пахтакор” – “Бунёдкор” ва “Бунёдкор” – “Насаф” эса учтадан финалларда рўбарў келган.

Кетма-кет финалларда иштирок этиш бўйича рекорд “Пахтакор”га тегишли. “Шерлар” 2001 йилдан 2009 йилгача қаторасига 9 финалда майдонга тушган! Иккинчи натижа “Бунёдкор”га тегишли бўлиб, бу клуб 2007-10 йилларда кетма-кет 4 бор финалда ўйнаган.

Мураббийлар орасида кетма-кет уч финалда жамоаси билан иштирок этган мутахассислар орасига Шота Арвеладзе ҳам қўшилди. Бунгача Александр Иванков, Юрий Саркисян ва Равшан Ҳайдаров шундай кўрсаткич қайд этишган. Энг кўп финалларда жамоаси билан қатнашган мураббий Юрий Саркисян бўлиб, у “Нефтчи” билан 7 марта финал иштирокчисига айланган. Миржалол Қосимов учун 2020 йилги финал 7-ҳал қилувчи баҳс бўлади. Виктор Жалилов 5, Рўзиқул Бердиев 4 бор финалларда қатнашган. Шота Арвеладзе 20 декабрь куни Ўзбекистон Кубоги финалида энг кўп иштирок этган хорижлик мураббийга айланади ва уни икки марта ютиш борасида Тачмурод Агамуродовга тенглашиб олиши мумкин. Ҳозиргача хорижлик мутахассислардан Леонид Остроушко, Сергей Бутенко, Тачмурод Агамуродов, Зико ва Арвеладзе зафар қучган.

АГМК ва “Пахтакор” кетма-кет учинчи бор тўқнаш келадиган “Ўзбекистон кубоги-2020” финали 20 декабрь куни Намангандаги “Марказий” стадионда соат 15:00да бошланади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *