Республиканинг турли ҳудудларида Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича юзлаб баннерлар ўрнатилади

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги аҳоли гавжум жойларда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида ХМТ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 800дан ортиқ баннер ўрнатилмоқда, 300 мингдан ортиқ флаерлар эса фуқароларга, 20 мингдан зиёд махсус тайёрланган услубий-қўлланмалар маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда иш берувчиларга тарқатилган.

Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги пахта-йиғим-терими даврида мавсумий ишчиларни ишга ёллаш тартибига доир меҳнат қонунчилигини ўргатувчи ўқув-семинарлар ташкил этди. Республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилган семинарларда фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластерлари вакиллари қатнашди, деб хабар қилмоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати.

ХМТ, БММВ, ҳокимликлар, ИБК (Иш берувчилар конфедерацияси), ССП, КУФ (Касаба уюшмалари федерацияси) вакиллари, фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда иш берувчилар иштирокида ўтказилган онлайн-ўқув семинарларда мажбурий меҳнат тушунчасининг мазмун-моҳияти, пахта йиғим терими даврида мавсумий ишчиларни ишга қабул қилиш тартиби бўйича керакли маълумотлар кўргазмали тақдимотлар асосида тушунтирилди.

Вебинар-семинарларда мавзуга оид фикр-мулоҳазалар алмашиниб, қатнашчиларга мажбурий меҳнат тўғрисидаги қўлланма ҳамда флаерлар тарқатилди. Шу билан бирга, Прокуратура, ИИВ, Адлия вазирлиги ҳамда жиноий ишлар бўйича суддан таклиф этилганлар мажбурий меҳнат бўйича жавобгарлик чоралари тўғрисида тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Республика бўйлаб бу тадбирларда иштирок этганлар сони 2 100 дан ортиқни ташкил этди. Жумладан, 120 – пахта кластерлар вакиллари, 528 – фермер ҳўжаликлар вакиллари, 318 – меҳнат инспекцияси ходимлари, 71 – фуқаролик жамияти институтлари ва фаоллари, 104 – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари, 77 – ССП вакиллари, 153 – адлия органлари ходимлари, 242 – маҳалла қўмиталари вакиллари ва бошқалар иштирок этди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *