Рустам Усмонов: Спортчи медалини ҳалол олиши керак

Хабарингиз бор кеча Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов ташкилотнинг XXXVI Бош Ассамблеясида допинг масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида гапириб ўтди.

“Айни пайтда допинг билан боғлиқ масала бутун жаҳон спортида асосий мавзулардан бири бўлиб турибди. Шу ўринда Халқаро анти-допинг агентлиги (WADA) таъқиқлаган препаратлардан сақланишга эътиборингизни қаратишингизни сўраб қоламан. Бу борада муҳтарам Президентимиз ўтган йилнинг 4 сентябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида огоҳлантириб ўтган эдилар. Ҳозирда оғир атлетика федерацияси биринчи бўлиб ички чемпионатида допинг таҳлилларини олиш бўйича ташаббус билан чиқди ва биз буни қўллаб-қувватладик. WADA таъқиқлаган дори воситаларини спортчиларимизга бериб, қўпол қилиб айтганда, мамлакатимизнинг имиджига путур етказманглар”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати ушбу масала юзасидан терма жамоа шифокори Рустам Усмонов билан суҳбат уюштирди.

-Рустам ака авваламбор бу ердаги фаолиятингиз нималардан иборат. Шу ҳақда гапириб ўтсангиз.

-Бизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз фавқулодда вазиятларда спортчиларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни жароҳатидан тезроқ тузалишига кўмак беришдан иборат. Бундан ташқари мусобақага қадар, мусобақа давомида ва мусобақадан сўнг спортчиларнинг витаминизацияси ҳамда тикланиш жараёни билан шуғулланиш, допинг ва антидопинг масалалари бўйича спортчилар билан суҳбат ўтказиш, уларни бундан ҳимоялаш ва назорат қилиш ҳам бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.

-Спортчиларни допингдан ҳимоялаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

-Ҳозирги пайтда бутун дунёда допинг билан боғлиқ вазиятлар жуда жиддий танқид қилинмоқда ва уларга нисбатан жиддий чоралар кўрилмоқда. Шу боис биз ҳам ушбу масалага алоҳида ёндашяпмиз.

Спортчи биринчи навбатда мусобақаларда мамлакат номидан иштирок этаётганини унутмаслиги ва қўлга киритган медалини ҳалоллаб олиши керак. Акс ҳолда, у нафақат ўзи, балки, Ўзбекистон номига ҳам доғ тушириб қўйиши мумкин.

Юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида биз шифокорлар мунтазам равишда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги билан ҳамкорликда спортчилар ўртасида давра суҳбатлари ва тушунтириш ишлари олиб борамиз. Ушбу учрашувлар давомида биз спортчилардан шифокор маслаҳатисиз ҳеч қандай дори воситаларини қабул қилмасликларини тушунтириб борамиз.

Ўйлайманки, агар спортчилар биз шифокорлар тавсияси билан иш кўришса, уларда ортиқча муаммолар келиб чиқмайди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *