Рустам Шоабдураҳмонов сузувчиларимизнинг мусобақасини кузатди

Айни кунларда пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари мактаб интернатидаги сув ҳавзасида 2006-2007, 2008 ва ундан кичик ёшлар ўртасида сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Қизиқарли кечаётган ушбу мусобақани кузатиш ва федерация мутасаддилари билан суҳбатлашиш учун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов беллашувлар ўтаётган жойга ташриф буюрди.

МОҚ раиси мусобақада иштирок этаётган ёшларимизга омад тилаб, мутасаддилар билан олдиндаги вазифалар ва режалар хусусида суҳбат олиб борди. Унда Ўзбекистон сув спорти турлари федерацияси бош котиби Алишер Ғаниев ҳамда мураббийлар ҳам иштирок этишди.

Рустам Шоабдураҳмонов суҳбатда мутасаддиларни ортда қолган Ўзбекистон очиқ кубогида 2 нафар сузувчимизнинг Олимпиада нормативини бажаргани билан қутлаб ўтди. Шунингдек, Токио Олимпиадаси йўлланмалари учун курашни давом эттириш, ёшлар ўртасидаги селекцион мусобақаларни кўпроқ ташкил қилиш ва иқтидорли спортчиларни саралашга кўпроқ аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади. Зеро, сузиш Олимпия ўйинларида энг кўп йўлланма ва медаллар ўйналадиган йўналишдир.

Суҳбатда МОҚ раиси ушбу спортни юртимизда янада оммалаштириш, жаҳон ареналарида вакилларимизнинг муносиб иштирок этишларини таъминлаш борасида зарур кўрсатмалар бериб ўтар экан, бу борада МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини таъкидлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *