Рўза Кузиева: Спортсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман

Малакасиз шифокорнинг 8 ойлик чақалоққа нисбатан қилган нотўғри муолажаси уни бир умрга бир оёғидан маҳрум қилган. Гап Пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Осиё ўйинлари рекордчиси, “Миллий спорт мукофоти – 2018” соҳибаси Рўза Кузиева ҳақида кетмоқда.

Суҳбатимизнинг бугунги қаҳрамони айнан Рўза Кузева бўлади.

Рўза дастлаб ўзингиз ва оилангиз ҳақида гапириб ўтсангиз.

-Мен 1994 йил Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилганман. Оилада 5 кишимиз – ота-онам, акам, синглим ва мен. Отам тадбиркор, онам эса уй бекаси.

-Пауэрлифтинг спорт турига кириб келишингиз қандай содир бўлган?

-Коллежда ўқиб юрган пайтларим ўғил бола курсдошларим билан тенгма-тенг куч синашиб юрардим. Кейинчалик уларни пауэрлифтинг билан шуғулланаётганини кўриб менда ҳам ушбу спорт турига бўлган қизиқиш уйғона бошлади. 2012 йилнинг сентябридан буён эса пауэрлифтинг билан профессионал тарзда шуғуллана бошладим. 2013 йилда мени терма жамоага чақиришди.

-Билишимча 2013 йилда фаолиятингизда оғир йиллар бошланган экан.

-Ҳа. 2013 йил Дубайдаги Халқаро Гран-При мусобақасида иштирок этдим ва 3-ўринни қўлга киритдим. Бироқ, мусобақа пайтида топширган допинг тестим кутилмаганда ижобий хулоса берди ва Халқаро антидопинг агентлиги мени 2 йилга спортдан дисквалификация қилди. Натижада мени терма жамоадан четлатишди. Очиғи, ўша пайт дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди. Чунки, ўзимни спортдан айро тасаввур қила олмасдим.

Бу воқеаларни эса оила аъзоларимга умуман айта олмасдим. Агар айтганимда мени спортдан буткул айришар эди. Шу боис Тошкентда қолиб, якка тартибда шуғулланишга қарор қилдим. Орадан 6 ой муддат ўтгач тақдирга тан бериб уйга кетиш ҳақида ўйладим. Аммо, эртаси куни терма жамоадаги дўстим Фарҳод Умрзоқов қўнғироқ қилиб, мени мураббийларга тавсия қилганини ва кўрикка келишимни айтди. Шу пайт ичимда қандайдир умид учқунлари пайдо бўлди. Менинг ҳаракатларим терма жамоа мураббийларига маъқул келди ва мен улар билан бирга шуғуллана бошладим.

-Фаолиятингиздаги энг афсусланарли воқеа қайси?

-Фаолиятимдаги энг афсусланарли воқеа допинг сабаб Рио-2016 ёзги Паралимпия ўйинларига бора олмаганим бўлди. Чунки, мен айнан мана шу мусобақа учун бор вужудим билан тайёргарлик кўрган эдим. Аммо, дисквалификация муддатим якунланмагани боис айрим мусобақаларда иштирок эта олмадим. Натижада, Паралимпия ўйинларига лицензия ололмадим. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, агар ўшанда Риога борганимда, албатта юртимиз ҳисобига яна бир олтин медални қўшиб қўйган бўлардим.

Лекин, шунга қарамай ортга чекинмадим, ёруғ кунлар келишини кутдим. Натижада, 2018 йил Жакартада бўлиб ўтган Пара Осиё ўйинларида 113 кг тошни бўйсундириб қитъа рекордини ўрнатдим ва олтин медални қўлга киритдим.

-Қизиқишларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

-Ёшлигимдан тикувчиликка қизиқаман ва бунга ўзига яраша қобилиятим ҳам бор. Дисквалификация қилинган пайтимда терма жамоа аъзоларига янги экипировкалар берилди. Очиғи, ўша пайтда менда ҳам худди шундай форма бўлишини жудаям хоҳладим. Шунда жамоадошимдан экипировкасини бир кунга бериб туришини илтимос қилдим. Кейин бозордан худди шунга ўхшаш матоларни олиб ҳоламникига бордим ва ўша ердаги тикув машинасида ўзимга ҳам худди терма жамоадаги спортчиларники сингари экипировка тикиб олдим. Ушбу формани эртаси куни машғулотларга кийиб борганимда айримлар хатто ҳақиқийси билан ажрата олишмади.

Умуман олганда эса ҳаётда кўп нарсага қизиқаман. Хатто кўлимдан келмаслигини билсам ҳам уруниб кўришдан қўрқмайман.

-Агар имкон бўлганда нималарни хоҳлардингиз?

-Ногиронлигим сабаб 3 ёшимдан буён шифохонама-шифохона юравериб болаликнинг олтин даврларини оила аъзоларимдан узоқда ўтказишга мажбур бўлдим. Агар вақтни ортга қайтаришнинг имкони бўлганида оилам билан кўпроқ бирга бўлишни танлардим.

-Спортчилик фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг нималар билан шуғулланмоқчисиз?

-Юқорида айтиб ўтганимдек ёшлигимдан тикувчиликка қизиқаман. Спортдан кетганимдан сўнг тадбиркор сифатида тикув цехи очишни режа қилганман.

-Орзуингиз.

-Орзуларим кўп. Улардан энг биринчиси Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Президентимизга совға қилиш. Бизга яратиб берилаётган бундай улкан имкониятларни албатта оқлашимиз керак деб ҳисоблайман.

-Ҳаётдаги шиорингиз?

-Уддалаб бўлмас ишнинг ўзи йўқ. Ҳаракат қилсанг, албатта эришасан.

-Тенгдошларингизга айтар сўзингиз.

-Инсон аввало инсон бўлиб яшашни билиши керак. Тақдир менга шундай синовларни берди, аммо шунда ҳам енгилишни хоҳламадим. Курашдим, интилдим ва эришдим. Мен ишонаман, юртимиз истеъдодларга бой. Агар чин дилдан хоҳласак, ҳаракат қилсак, биз ёшлар Ўзбекистон номини янада кўкларга кўтара оламиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *