Садриддин Сайматов: Мақсадим – каратэ бўйича илк Олимпия олтин медални юртдошларимизга тақдим этиш

Карантин сабабли мусобақалари кейинга қолдирилган спорт турларидан бири бу каратэ WKFдир. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бу фурсатдан унумли фойдаланган ҳолда, асосий эътиборни техник ва тактик машғулотларга қаратган. -60 кг вазн тоифасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, кўп карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпиони, Ислом Бирдамлиги ўйинлари ғолиби Садриддин Сайматов билан интервью уюштирдик.

— Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, бу йил тақвим бўйича халқаро мусобақалар йўқ. Машғулотларда сизга нима мотивация беряпти?

— Биз спортчилар муайян бир мусобақа учун эмас, юрт шаънини ҳар дақиқада ҳимоя қилиш учун тайёр бўлишимиз шарт. Мени руҳлантирадиган жиҳат шу. Мақсадим Ватанимиз байроғини юксак чўққида кўриш ва бунга оз бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшиш. Нуфузли мусобақалар олдинда ва бу охиргиси бўлиб қолмайди. Йирик турнирларга оз вақт қолди ва бунга кўзларимни катта очган ҳолда жиддий таёргарлик кўришим керак. Рақибларим мен дам олган пайтда менга қарши техник ва тактик тайёргарлик кўришмоқда. Кўнглида мақсади бор спортчи ҳеч қачон қандайдир сабабларни ўйлаб, тўхтаб қолиши керак эмас. Тўхтаган одам вақти келиб ўтиргиси келади, ўтирган одам чўзилиб ётсам дейди. Ётган одамнинг эса орзулари ўлади ва у тирик мурдадан фарқи қолмайди.

— Карантиндан кейинги йиғинлар аввалгилардан нимаси билан фарқли ўтяпти?

— Ҳозирда бизда етарли вақт бўлганлиги сабабли кўпроқ ақлий машғулотлар, кузатувчанлик, жисмоний ва техник жиҳатларга кўпроқ урғу беряпмиз.

— Асосий рақибларни ҳис қилиш учун машғулотларда нималарга эътибор қилиняпти?

— Ҳозирда кўплаб рақибларимиз ҳудди биз сингари мусобақаларга чиқмаяпти ва биз олдинги тактик услубларга янги қўшимчалар қўшиб, техник хатолар устида ишлаб, тайёргарлик кўрмоқдамиз.

— Орзулар ҳақида гапирдингиз. Режа ва мақсадлар қандай?

— Олдинда мусобақаларимиз кўп. Уларга жиддий ҳозирлик кўриб, Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мусобақадан муваффақиятли ўтишни, Олимпиадада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни, каратэ бўйича илк Олимпиада олтин медалини юртдошларимизга тақдим этишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда жамоамиз Тошкент вилоятидаги «Ширин булоқ» масканида йиғин ўтказмоқда. Жараённи кузатиш, атлетларимиз ҳолидан хабар олиш ва камчиликларни ўрганиш мақсадида Спорт яккакурашлари бўича республика Олий спорт маҳорат мактаби раҳбарияти ҳам Ширин булоққа ташриф буюрди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *