Сардоба фожиасидан азият чеккан аҳоли учун кўнгил очар ўйинлар ва спорт мусобақалари мунтазам ўтказилмоқда

Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши натижасида ўз уй-жойидан айрилган аҳолининг бир қисми Гулистондаги ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб интернатига эвакуация қилинган.

Айни пайтда бу масканда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ҳамда Мирзаобод туманларидаги маҳаллалардан кўчириб келинган 292 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.

Бу ерда “Сардоба фожиаси” жабрдийдалари учун ётоқ жойлари, уч маҳал иссиқ овқат, жажжи болакайлар учун махсус болалар боғчаси, мактаб ёшидаги ўқувчилар учун эса синф хоналар ва дарс машғулотлари, хуллас барча шароитлар яратиб берилган.

Шу билан бирга ушбу масканда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимлик ташаббуси билан Гулистон ИОЗМИда истиқомат қилаётган аҳоли учун турли кўнгилочар тадбирлар ҳам уюштириб келинмоқда. Санъаткор иштирокидаги концерт дастурлари, стол тенниси, шахмат-шашка ва волейбол беллашувлари, мактаб ўқувчилари ўртасида эса “Қувноқ стартлар” мусобақалари шулар жумласидан.

Бу каби тадбирлар Гулистон ИОЗМИда ҳар куни ташкил этиб турилибди. Ажабмас, ушбу маскандаги бир муддатлик ҳаёти давомида ўғил-қизлар қалбида спортга меҳр пайдо бўлса ва соғлом турмуш тарзи уларнинг ҳаёти мазмунига айланса!

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *