Сардор Нуриллаев бронза медали учун курашади

Венгрия пойтахтида старт олган дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирининг кундузги дастури якунланиб, кечки дастурда медаллар учун курашувчи спортчилар номи маълум бўлди. Қувонарлиси, унда ҳамюртимиз Сардор Нуриллаев шоҳсупага кўтарилиш имкониятига эга.

-66 килограмм вазн тоифасида Сардор Нуриллаев молдовалик Вадим Бунеску, руминиялик Петр Жуковни мағлуб этиб, чорак финалда россиялик Абдулла Абдулжалиловга мағлуб бўлди. Ўтиш турнирида перулик Хуан Постигосдан устун келган Сардор энди бронза медали учун озарбайжонлик Орхан Сафаровга қарши татамига чиқади.

Афсуски, -60 килограмм вазн тоифасида мезбон Цанад Фецкога қарши ғалаба билан иштирокини бошлаган Шарофиддин Лутфиллаев чорак финалда франциялик Лука Мхаидзега, бронза медали учун ўтиш босқичида эса португалиялик Родриго Лопесга мағлуб бўлди ва мусобақани еттинчи поғонада якунлади.

-52 кг вазн тоифасида курашган Диёра Келдиёрова эса илк беллашувдаёқ мағлубиятга учради. Иккинчи даврадан баҳсларни бошлаган вакиламизга қуръа ушбу босқичда -48 кг вазн тоифасидаги икки карра жаҳон чемпиони украиналик Дарья Билодидни рўбарў қилди. 8 дақиқа давом этган курашда Билодиднинг қўли баланд келди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *