Сенат «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Ўзбекистон Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди ва маъқулланди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Таъкидланишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахс, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган бола истиқомат қилмоқда.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясининг халқаро стандартлари ва талабларини, шунингдек, «ногирон» сўзи ўрнига «ногиронлиги бўлган шахс» атамасидан фойдаланишни назарда тутувчи «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун мамлакатнинг юқоридаги тоифага мансуб вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалашга хизмат қилади.

Қайд этилишича, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши, ҳозирда амалда бўлган қонун ҳужжатларига солиштирганда бу тоифадаги фуқароларга қатор янги имтиёзлардан фойдаланиш имконини яратмоқда.

Қонун кучга кириши билан тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволанади. Протез-ортопедия анжомларига бўлган эҳтиёжлари қондирилади.

Таъкидланишича, ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар, тушиб-чиқиш учун бекатларда уларга шароитлар яратилади. Улар учун таълим олишнинг барча босқичларида қулайликлар кўзда тутилади. Касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Олий таълимда жами контингентнинг 2 фоизи миқдорида давлат грантлари ажратилади.

Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, шу жумладан, уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи таъминланади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *