Сил касаллигига чалинган беморлар учун COVID-19 қанчалик хавфли? — Бош фтизиатр билан суҳбат

Kun.uz сайти тиббиёт мутахассислари билан COVID-19 мавзусидаги суҳбатларини давом эттиради. Навбатдаги интервьюда ўпка хасталиклари мутахассиси, ССВ бош фтизиатри, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наргиза Парпиевага сил касалликлари ва коронавирусга боғлиқ саволлар билан мурожаат қилдик.

Наргиза Парпиева

– Наргиза Нусратовна, сизнинг асосий фаолиятингиз ўпка патологияси, хусусан сил касаллиги билан боғлиқ. Коронавирус Ўзбекистонга кириб келганига ҳам олти ой бўлди, шу вақт оралиғида сил касаллиги ва COVID-19 биргаликда келиши қай даражада кузатилмоқда?

– Албатта, коронавирус инфекцияси Ўзбекистонга кириб келган вақтдан шу кунга қадар сил касаллиги ва COVID-19’нинг биргаликда келиши статистикаси мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Бизнинг Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий амалий тиббиёт маркази мисолида айтадиган бўлсак, 15 март кунидан бугунги кунгача сил касаллиги ва COVID-19 билан касалланган беморлар аниқланиб, уларда силнинг клиник кечиши COVID-19 бўлмаган сил беморларидан ҳеч қандай фарқ қилмади, дейиш мумкин.

Умуман, республикада сил касаллиги билан боғлиқ вазият қандай? Карантин ҳолатининг бу касаллик тарқалишига таъсири ўрганиляптими?

– Ўзбекистон Республикасида сил касаллигига қарши олдиндан олиб борилаётган барча тадбирлар: силни аниқлаш ва даволаш ишлари давом этмоқда. Давлат томонидан бунга ҳозирги кунда катта эътибор берилмоқда. Аммо вилоятларда вазият талаб қилганда вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказларидаги баъзи биноларда COVID-19 аниқланган беморлар учун алоҳида бўлимлар ташкиллаштирилган.

– Фикрингизча, пандемия куз-қиш ойларида ҳам сусаймаса, касаллик қандай клиник картина ҳосил қилади ва мавсум ўлим кўрсаткичига қай даражада таъсир қилиши мумкин?

– Бу прогнозни фақатгина эпидемиологлар бериши мумкин.

– Сиз фаолият олиб бораётган тиббиёт марказида ҳам COVID-19’га чалинган беморлар даволанмоқдами? Улар бошқа беморлар билан қандай ажратилган?

– Юқорида айтиб ўтганимдек, бизнинг марказимизда сил касаллиги ва COVID-19’га чалинган беморлар даволанмоқда. Бундай беморлар аниқланганда биз уларни барча санитар-гигиена қоидаларга риоя қилган ҳолда алоҳида даволаш бўлимига изоляция қилиб ҳам силни, ҳам COVID-19’ни даволаш протоколи асосида даво ишлари олиб бормоқдамиз.

– Бу касалликни даволашда ўпка машқлари ва танага суюқлик жўнатиш бўйича турлича фикрлар билдирилмоқда. Сиз COVID-19’ни даволашда бу икки муолажага қандай қарайсиз?

– COVID-19 касаллигини ҳар бир босқичидан келиб чиқиб даволашда ўзига хос ўпка машқлари тавсия қилиниб, уларнинг ижобий самараси кузатилмоқда. Бироқ, маълум бўлишича, COVID-19 беморларига ортиқча суюқликни вена томирига томчилаб юбориш касалликнинг асоратли кечишига сабаб бўлади. Шунинг учун вена томирига суюқлик юбориш тавсия қилинмайди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *